Давлат раҳбари энг кам иш ҳақини белгилашда адолатли ёндашув бўлишига эътибор қаратди
Бугунги йиғилишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори билан боғлиқ масала ҳам кўтарилган.
Давлат раҳбари ўз чиқишида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори давлат идораларининг ҳисоб-китоби ва таклифи билан ҳал қилинаётганини эслатиб, келгуси йилдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқишга Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссиясини (Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси) ҳам жалб қилишни таклиф қилган.
Ҳозирги ёндашувларда меҳнаткашларнинг эмас, бизнеснинг ва бюджет тақсимловчиларининг кўз қараши ифода этилмоқда. Чунки бизнес ва бюджет ҳар доим кам маош тўлашга интилади. Бу тор манфаатлар ва қисқа муддатли режалар ҳолатида табиийлигини инобатга олиш керак, лекин узоқ муддатли истиқболда паст даражадаги энг кам иш ҳақи меҳнат унумдорлигини ёмонлаштиради, яширин иқтисодиётни рағбатлантиради, инсон сифатини яхшилашга хизмат қилмайди. Охирги йилларда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақининг ўсиши Марказий Осиёдаги қўшнилардан ҳам ортда қолмоқда.
Шунинг учун энг кам иш ҳақини белгилашда меҳнаткашларнинг овози ва манфаатлари акс этиши керак. Шунда адолат бўлади.
Акс ҳолда бу кетишда камбағалликнинг ижтимоий хавфли кўриниши — ишловчи камбағаллар тоифаси пайдо бўлади.
- https://t.me/Press_Secretary_Uz/6354@Press_Secretary_Uz