Уйсиз Лукашенко ва декларация топширишга мажбур ўзбекистонлик пенсионер ҳақида
Белорусь Марказий сайлов комиссияси Президентликка номзодларнинг даромад ва мулклари ҳақидаги ахборотларни очиқлади.
Қайд этилишича, асосий номзод Лукашенконинг на уйи ва на бошқа кўчмас мулки мавжуд. Лукашенко ўтган 2019 йилда фақат иш ҳақи кўринишида 117 068 белорусь рубли миқдорида даромад топган (50 минг доллар атрофида). Лукашенконинг хотини эса атига пенсия ва акциялардан даромад сифатида 5 560 белорусь рубли ишлаб топган. Лукашенко хотини номида ер участкаси, ҳовли жой ва квартира, шунингдек ёғ завод акциялари мавжуд.
Бошқа танланган номзодлардан бири блогер Сергей Тихановский имзо тўплаш вақтида қамоққа ташланиб, номзодини қўйишга имкон қолдирилмагач, унинг хотини Светалана Тихановская сайлов кампаниясида иштирок этмоқда. Эр-хотин Тихановскийлар Белорусь миқёсида олганда ўрта синфга таалуқли: йиллик даромадлари 40 минг доллар атрофида, квартира, ҳовли-жой, иккита автомашина ва МЧЖдаги улушлар уларнинг биргаликдаги мулки сифатида кўрсатилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда на эски ва на янги даврда сайлаб қўйиладиган лавозимларга номзодлари қўйилган шахслар ва уларнинг қариндошларининг мол-мулки ва даромадлари бирон марта очиқ эълон қилинмаган.
Давлат амалдорлари ва уларнинг яқин қариндошлари мол-мулк, даромад ва харажатлари тўғрисидаги декларация топширмайдилар, эълон ҳам қилмайдилар. Айни пайтда, масалан, очдан ўлмаслик учун икки хонали хрушчевка квартиранинг бир хонасини ижарага берган пенсионер даромадлари тўғрисидаги декларация топширишга мажбур. Акс ҳолда пенсионер пенсиясининг бир неча каррасини ташкил этувчи жарималар билан жазога тортилади.
@the_bakiroo