Яхши қарор: Асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди
Фаол ялпи талаб шароитида ташқи таклиф омиллари билан боғлиқ нархларни оширувчи хатарлар ва хизматлар инфляцияси юқорилиги сақланиб қолаётганини ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилган.
"Аҳоли реал даромадлари ошиши ва чакана кредитлаш фаоллиги харид қобилиятини қўллаб-қувватламоқда ва истеъмол талабини оширмоқда. Бу, ўз навбатида, келгусида иқтисодиётда инфляцион босимларни сақланиб қолишига хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, энергия нархлари эркинлаштирилишининг келгуси ойларда инфляцияга иккиламчи таъсирлари намоён бўлиши ҳамда айрим товарлар таклифи билан боғлиқ хатарлар юзага келиши эҳтимоллари сақланиб қолмоқда.
Ушбу шароитда инфляциянинг пасаювчи динамикасини барқарор давом этишини таъминлаш пул-кредит шароитларини жорий нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаб қолиб, кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини камайтиради".
Марказий банк жорий йил якунига инфляция прогнозини пасайиш томонга қайта кўриб чиққан ва 8 фоиз атрофида шаклланишини кутмоқда (аввалги прогноз 8,7% эди).
Жорий йилнинг 3-чорагидаги юқори иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик келгуси чоракда ҳам давом этиши, йил якунида ЯИМ реал ўсиши 7-7,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда (ҳукумат прогнози 7%).