2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади
Давлат раҳбари иштирок этган йиғилишда келгуси йилда ўсиш суръатини 6,6 фоиз даражасида таъминлаш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 150 миллиард доллардан ошириш, иқтисодиётга барча манбалардан камида 400 триллион сўм йўналтириш, инфляцияни 7 фоиздан ортиқ бўлмаган даражада сақлаб қолиш прогноз қилингани юзасидан ахборот берилган.
2026 йилги бюджет лойиҳасида асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади.
Таннархни камайтириш ва рақобатбардошликни ошириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, давлат иштирокидаги корхоналарнинг дивиденд сиёсатини тартибга солиш, субсидия ва имтиёзларнинг натижадорлигини таҳлил қилиб, самараси паст бўлганларини бекор қилиш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш вазифалари белгиланган.
Келгуси йилда харажатларни кескин қисқартириш ва самарадорликни ошириш барча даражадаги раҳбарлар учун асосий мезон бўлади.
Бундан буён мавжуд лойиҳаларни охирига етказибгина янги лойиҳаларга ресурс жалб қилиш тизимига ўтиш зарурлиги қайд этилган.
Бюджетдан ташқари жамғармаларида тўпланган қолдиқнинг ярмини алоҳида жамғармага ўтказиш ва ушбу маблағларни мактаблар қурилишига ва тиббиётга йўналтириш топширилган.