Носвой бор, ғўзапоя йўқ, калиш бор, ўтин йўқ
Инфляциянинг муқобил параметрлари пасайиш тенденциясига ўтган. Бунда октябрнинг ҳар йилгидан иссиқ келгани ўрни ҳам бор. Лекин олдинда салқин кузак ва аёзли қиш турипти.
Инфляцияни кузатиш учун Ўзбекистонда 510та товар ва хизмат позицияси қамраб олинган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам истеъмол мундарижасини тўлиқ акс эттиради дейиш қийин.
Масалан, шу кунларда қишлоқ туманларда яшовчи Ўзбекистон (аҳолининг кўпчилиги) ғўзапоя ва ўтин жамлаш ғами билан яшамоқда. Ноябрдан февралгача ҳар икки специфик маҳсулотнинг нархи ва истеъмол харажатларидаги вазни сезиларли даражада юқори бўлади. Газсиз уй хўжаликларининг ва табиийки, камбағалларнинг ҳам келаётган 4 ойда энг катта харажати айнан ўтин ва ғўзапоя (албатта, кўмир ҳам).
Ижтимоий дейилган кўмирнинг тақсимоти аҳволини кўриб турибсиз (1, 2, 3...ўзи бу қуйқумни кўмир деб аташга тил бормайди). Расмий статистикага ишонилса, кўмир нархи охирги 2 ойда 0,4%га қимматлаган холос. Эҳтимолки, бу статистика фақат ижтимоий дейилган кўмир қуйқумини назарда тутади. Тижорий нархлардан сотилаётган кўмир сифатига қараб, қуйқумдан 5-7 карра қиммат ва охирги 15-20 кун ичида сезиларли қимматламоқда. Яъни, тижорий кўмирни инфляция кузатиладиган рўйхатга алоҳида қўшиш зарурияти бор.
Куз-қиш мавсуми нархларнинг, айниқса энерготоварлар нархининг кескин кўтариладиган пайти. Нархлар барқарорлигида ахборотлар алмашинуви ва очиқланиши бозорнинг тижорий иштирокчиларига ҳам, истеъмолчиларга ҳам жуда муҳим ишоралар беради. Ҳеч бўлмаса, қўшни қирғиз ва қозоқлардан ўрганиб, муҳим энерготоварлар (пропан, метан, бензин, солярка, тижорий кўмир, кўмир, ўтин, ғўзапоя) нархини вилоятлар қирқимида ҳар куни эълон қилиб борилса, ҳаммага фойдали бўлади.
- https://t.me/centralbankuzbekistan/12429@centralbankuzbekistan
- https://t.me/muhrim2022/5607@muhrim2022
- https://t.me/muhrim2022/6192@muhrim2022
- https://t.me/muhrim2022/6167@muhrim2022
- https://t.me/davletovuztw/3072@davletovuztw