1.4K6Telegramda ochish

Muhrim / Муҳрим kanalidan

Сабина Бакаева Тошкентда қурилаётган велойўлаклар (нобоплиги) ва «дом»лар орасидаги аҳоли дам олиши, болалар ўйнаши мумкин бўлган майдончалар (ҳовлилар) машиналар томонидан эгаллаб олинаётгани (аниқроғи, эгаллаб бўлингани) ҳақида иккита катта мақола ёзибди. «Газета.уз»нинг русчасида «дом»лар орасидаги ҳовлилар ҳақидаги мақолага (ҳозирча) 54 та, велойўлаклар ҳақидаги мақолага эса 38 та коммент қолдирилибди, уларнинг орасида ўзи бир алоҳида мақола бўла оладиганлари бор, шунчаки: «Маладес, Сабина!», деган олқишлар эмас (лекин Сабина ростдан ҳам маладес, мақолалар жуда зўр). «Машинасиз ҳовлилар» мақоласи «Газета.уз»нинг ўзбекчасида ҳам чиққан (ҳозиргача 1385 марта ўқилибди), лекин унда бирорта коммент йўқ. Тўғри, «Газета.уз»нинг ўзбек тилида сўзлашувчи аудиторияси унчалик катта эмас, лекин, очиғини айтганда, шу мақола «Дарё» ё «Кун.уз»да чиқса ҳам кўп ўқилмайди, коммент йиғмайди. Чунки бу «ўзбекча муаммо» эмас. Ҳаёти одатда тўйдан тўйгача (ёки бошқа маросимгача) бўлган, масалан, ҳозирги оғир эпидемия шароитида ҳам ўғлига қиз қидирадиган, уйида совчи кутадиган одамлар учун велойўлак, машинасиз ва гаражларсиз ҳовлилар, серсоя дарахтлар — ғалати муаммо, ҳатто муаммо ҳам эмас, «одамлар ўлиб кетяпти, велосипед дейсанми?». Тунов куни Чилонзорда яшайдиган бир оғайним телефон қилибди, қонун-понунларни тушунасану, «двор»даги дарахтларнинг шохларини кестираётгандик, мошиналаримизнинг устига шохи тушмаслиги учун, шунга биров келиб штраф солмайдими, дейди. Пулини тўлаб бўлашган, ХУЖМШнинг арра кўтарган шоввозлари энди ишни бошлаган вақтда «ўрис кампирлар тўполон қилиб чиқибди». Ўзим ишдаман, қандай кесишаётганини билмайман, дейди. Катта эҳтимол билан, серсоя дарахтни «уч қаватли тўнка»га айлантираётган бўлишган. Приоритет шунақа — серсоя ва тинч ҳовли эмас, аввало машина керак, машинага эса гард юқмаслиги шарт. Болалар уйда планшет ўйнасин, кечки вақт паркда айлантириб келамиз — машина бор-ку. Ўтган йили Дархонда иккита дарахтни кесмоқчи бўлишганида тўполон кўтарилган, ўша ерда Экологик партия пикет ҳам қилиб юборганди (сайлов арафаси, партияларга шунақа томошаларни қўйишга рухсат берилган вақтлар эди). Ўшанда дарахт кесилиши керак бўлган маҳаллада яшайдиган бир аёл дарахтларнинг кесилиши, кучук-мушукларнинг ўлдирилиши, велойўлаклар ва умуман йўллар машиналарга эмас, одамларга қулай бўлиши, «дом»лар орасидаги ҳовлилар машинасиз бўлиши кераклиги «ўзбекча муаммо» эмаслигини яққол англатувчи бир гапни айтган: «Дарахт учун шунча жон куйдиряпсизлар, одамлар-чи?!». Одамлар (ўзи ва) ўзига ўхшаган бошқа одамлар қадрланмаётганини ҳар куни, ҳар соатда кўриб тургач, қўрғон қуришга, жамиятдан алоҳидаланишга, ўзини ва мол-мулкини шу жамиятдан ҳимоя қилишга киришиб кетади. Шу сабаб «дом»лар орасидаги ҳовлилар автотураргоҳларга айлантирилади, серсоя дарахтлар қимматбаҳо машиналарга зарар етказмаслиги учун кесилади ва ҳоказо, ва ҳоказо. Шекилли.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin