Юнусобод тумани аҳолиси йўл инфратузилмаси аҳволидан норози.
Гап шундаки, Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг Юнусобод тумани Боғишамол кўчаси ҳудудига тўғри келувчи Республика перинатал маркази, Бўзсув ва Салар каналлари ҳудуди ахлатга тўлиб кетган. Бу ерлар 10 йилча аввал кўм-кўк даҳа бўлиб, ҳозир эса дарахтлар кесилган, унинг ўрнини эса юк машиналари эгаллаганлиги айтилган.
Пиёдалар йўли масаласи алоҳида мавзу, яъни у деярли мавжуд эмас. Масалан, Университет кўчасидан Салар каналигача пиёдалар йўлаги йўқ эканлиги боис йўловчилар машина йўлининг бир қисмидан юришга мажбур. Бу эса биринчидан аҳолининг хафсизлигига, иккинчидан йўл тартиб-қоидасига мутлақо тўғри келмайди.
Бундан ташқари, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасига элтувчи йўл қурилиш учун мўлжалланган оғир машиналар турар жойи вазифасини ўтамоқда. Ачинарлиси, бу ер қачонлардир сўлим хиёбон бўлган. Афсуски, бугунги кунга келиб дарахтлар кесилган ҳамда бетонлаб ташланган.
Барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш ният қилинган, шаҳар бўйлаб манзарали, мевали кўчатлар экилиши режа қилинган бир пайтда, бундай эътиборсизликларга йўл қўйилаётгани жуда ачинарли.
- https://bugun.uz/208975bugun.uz