«Ўринсиз ўрнатилган йўл белгилари кимга керак? Халқ ҳам яшасин, мутасаддилар...
Баъзан юқоридан айтилаётган гап билан қуйи идоралар иши бир-бирига мутлақо тескари. “Пастда”гилар буни ё тушунмайди ёки айланаётган ғилдиракка чўп тиқиб, роҳатланадиганлар бор.
Давлат халққа осон бўлсин, деяяпти. Одамларни рози қилиш ташвишида. Айрим ижрочи ташкилоту идоралар эса одамларга йўқ жойдан қийинчилик, муаммо яратиш билан овора.
Тошкентнинг Яшнобод тумани, Авиасозлар кўчаси, 115-уй олдидаги мана бу видеодаги ҳолат сўзимизга яна бир исбот. Тақиқловчи белгини ўрнатишнинг ҳам ўз қоида ва талаблари бордир, оғайнилар? “Соққа”қилиш учун дуч келган жойга, яна ҳар ўн метр оралатиб “знак” қўявериш қайси “калла”нинг ижоди? Сал ақлга қўшиб, виждонни ҳам ишлатиб турайлик...
Маҳаллий ҳокимият ва бошқа масъул идораларнинг бу масала юзасидан фуқаролар мурожаатига жавоби жуда ажабланарли. "Бу ҳудудда авариялар сони кўпайгани сабабли аҳоли истагига кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тақиқловчи белгилар ўрнатилган" эмиш.
Бу ҳудудда яшовчи ва ишловчи одамлар эса ана шу манзилда бирорта авария ҳолати бўлганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмас. Қолаверса, "кўп сонли аҳоли истагига кўра" дея важ келтирилаётган худди шу аҳолининг ўзи ўринсиз ўрнатилган бу белгиларнинг олиб ташланиши учун идорама-идора югуриб, сарсон бўлиб юрибди.
Бир ишни тақиқлагандан кейин унга муқобил ечим ҳам қолдириш керак-да ахир. Ёки халқ тирикчилик қилмасинми, машина минмасинми, яшамасанми? Наҳот давлат учун кичик бўлган шу масалага ҳам Президент аралашиши шарт бўлса?!»
P.S. Ушбу мурожаат каналнинг ботига келиб тушди. Мурожаат матни тўлалигича чоп қилинмоқда.