




Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Дубайда ўтказилган Ватандошлар минтақавий форуми хорижда яшаётган ўзбекистонликлар билан тизимли мулоқотни кучайтиришга қаратилган навбатдаги амалий майдон бўлди. Турли мамлакатларда фаолият юритаётган ватандошлар бир жойга жамланиб, ҳамкорлик ва ўзаро алоқалар масалаларини муҳокама қилди.
Форум доирасида ўзбек тили ва маданиятини асраш, илм-фан ва инновацияларда ватандошлар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик ва инвестиция йўналишлари муҳокама қилинди. Хорижда тўпланган билим ва тажрибани мамлакат тараққиётига йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда давлат томонидан хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ёндашувлар, шунингдек, Ўзбекистонда мавжуд янги имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Маълумот ўрнида: жорий йил давомида Ватандошлар минтақавий форумлари Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва МДҲ давлатларида ўтказилди. Ушбу форумлар доирасида ватандошлар томонидан 200 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Умуман олганда, бундай форумлар хориждаги ватандошлар билан доимий алоқани сақлаш, уларнинг салоҳиятини иқтисодиёт, илм-фан ва ижтимоий соҳаларга жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.