Шерикчилик лойиҳалари Open budget'да автомат ғолиб бўлади
2026 йилдан бошлаб "Ташаббусли бюджет" доирасида аҳоли томонидан лойиҳа қийматининг 50 фоиз қисми молиялаштирилганда лойиҳалар автомат ғолиб деб топилади. Бунда, ҳар бир маҳаллага бир мавсумда фақат битта лойиҳани шерикчилик асосида амалга оширишга рухсат берилади. Шерикчилик лойиҳалари фуқаролар томонидан лойиҳа шакллантириш босқичида махсус шартларга розилик билдирган ҳолда илгари сурилади (яъни аввал бошдан шерикчилик режаси очиқланиши керак). "Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар" рўйхатидаги маҳаллалар учун лойиҳа қийматини 25 фоизини тўплаш кифоя бўлади, қолган 75 фоизини давлат қоплаб беради.
Лойиҳалар ғолиб деб топилиши учун минимал овоз сони 10тадан 50 тагача оширилади.
Жиҳозлаш лойиҳалари учун энг юқори қиймат базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаридан 2 минг баробаригача пасайтирилади (мактаб ва шифохоналарга оид лойиҳаларга кўп таъсир қилади).
Аввалги мавсумлардаги ғолиблар учун "Танаффус" амалиёти маҳалла сони 15 та ва ундан кам бўлган туман (шаҳар)лардаги маҳаллаларга, «Топ-100» рўйхатига кирган энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларга, шунингдек лойиҳаларни шериклик асосида амалга оширган маҳаллаларга нисбатан қўлланмайди.
Қўшимча ғолиблар икки усулда белгиланиши мумкин: халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ғолиб бўлмаган лойиҳа учун етишмаган маблағни туман бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратиш орқали ёки Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан битта лойиҳани танлаш орқали.