Ўзбекистон ва Туркия эркин савдога ҳам етади
Давлат раҳбарининг Туркияга сафари чоғида товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимдаги товарлар рўйхатини кенгайтириш орқали 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган. Бу ўзбек ва турк тижорати учун албатта қувончли хабар.
Туркия бизнинг тўртинчи савдо ҳамкоримиз. Охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми ўсишдан тўхтаган ва 2025 йил якуни билан 3 млрд.доллардан сал кўпроқ.
2022 йилда имзоланган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимга кўра, томонлар фақат 12 турдаги товарларни имтиёзли шартларда олиб кириши мумкин. Ўзбекистон томонидан бу асосан мева-сабзавотлар (квоталанган), Туркия тарафидан эса центрифуг насослар ва электр жиҳозлар. Албатта, имтиёзли рўйхат жуда қисқа ва бунинг устига қўлланилиш кўлами ўта тор. Шунинг учун Давлат раҳбари шу рўйхатни кенгайтириш вазифасини қўймоқда.
Идеалда, бу албатта, бир кун рўй беради, Ўзбекистон ва Туркия божларсиз, эркин савдо шартномасига эга бўлиши керак. Худди Озарбайжон ва Марказий Осиёдаги қўшниларимиз билан бўлгани сингари. Чунки қардошлар бир биридан бож олмайдилар.