Фарғонадаги тендерда ютқазганлар билан Самарқандда тўғридан-тўғри шартнома тузиладими?
Нима учун давлат бюджети ҳисобидан, ДХШ ва давлат кафолатлари, имтиёзлари берилган лойиҳаларда антикоррупцион ва антимонополия экспертизаси муҳимлигига битта мисол.
Шу ҳафта Фарғона вилоятида қурилиши режалаштирилган 800 ўринли кўп тармоқли шифохона лойиҳаси бўйича Давлат-хусусий шерикчилик асосида ўтказилган тендер натижалари эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Халқаро молия корпорацияси кўмагида ўтказилган мазкур тендерда Vision International Investment Company ва KOC Construction Mekanik Elektrik FE LLC консорциуми ғолиб бўлган.
Халқаро тендерда ўнта компания, учта халқаро консорциум иштирок этган. Энг муҳим жиҳати, тендер ғолиби таклифи масалан, учинчи ўринни олган концорциум тақдим этган таклифга нисбатан қарийб икки баравар арзон бўлган.
Шунинг ўзиёқ тендер механизмларининг асосий устунлигини, яъни рақобат мавжуд жойда нарх тушиши, шартлар яхшиланиши, давлат (демакки, биз ўзбекистонликлар) эса молиявий жиҳатдан ютуққа эришиши яққол намоён бўлади.
Лекин қизиғи шу ерда бошланади. Маълумотларга кўра, айнан Фарғона лойиҳасида ютқазган ва энг қиммат таклиф тақдим этган концорциум компанияси билан ҳозирда Самарқанд вилоятида худди шундай, яъни 800 ўринли шифохона қурилиши бўйича тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилмоқда.
Бу эса жуда жиддий саволни ўртага қўяди: агар тендер орқали икки баравар арзон ва рақобатли таклифни олиш мумкин бўлса-ю, нега айнан энг қиммат таклиф эгаси билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилмоқда? Бу тендерда мағлублар учун юпанчиқми ё тилимиз қисиқ жойимиз борми?
Бу ҳаракатлар қанчалик давлат бюджети, солиқ тўловчилар ва аҳоли манфаатларига мос келади?
Тўғридан тўғри музокара юритилаётган экан, энди Самарқанддаги нарх Фарғонадаги худди шу каби лойиҳада тендер ғолиби берган нархдан арзон бўлиши керак. Буни кимдир тушунмоқдами?
Хуллас, рақобатли тендерлар давлат учун ҳам, жамоатчилик учун ҳам энг самарали ва адолатли механизмдир. Агар айнан шу формат орқали арзонроқ, яхшироқ ва асосланган таклиф олинаётган бўлса, тўғридан-тўғри музокаралар фақат истисно ҳолатларда, очиқ асос ва тўлиқ изоҳ билан қўлланилиши лозим. Энг яхшиси, бундай йирик лойиҳаларда тўғридан тўғри битим тузишдан умуман воз кечиш зарур.