ИЭСларда “суюқ метан” ёқилиши энерготарифларни яна оширадими?
Жиддийликка қайтсак, энерготарифларни ўзгартирмаслик ё пасайтириш у ёқда турсин, ошириш давом этишади. Чунки ва афсуски, энергетикада кэптив лойиҳалар ясаш уринишлари тўхтагани йўқ.
Манбаларга кўра, иссиқлик электр станцияларда суюлтирилган газ инфратузилмаси яратиш LNG завод ва LNG резервуарлар қуриш орқали йўлга қўйилади.
Маълумот учун, LNG (liquefied natural gas) технологияси бу минус 162-163 ҳароратда метанни суюлтириш орқали ҳажмини 600 каррагача кичрайтириш воситасида ташиш ва сақлаш инфратузилмасини назарда тутади. Агар завод, резервуарлар қуриш ва инфратузилма яратишда шаффофлик бўлган тақдирда ҳам табиий газнинг “суюқ метан”га айланиши 2-3 каррагача қимматлашади (Ўзбекистонда бундай энерголойиҳалардан мақсад қурилиш ва пудратдан қимматлаштириб пул ишлаш тажрибасини ҳисобга олиб, ўзингизга тасаввур этаверинг, ҳали бери битмаган МТО заводдан космосдан кўринадиган GTL’гача каррасига шишган лойиҳаларни эсланг).
Ўзбекистон истеъмолчилари навбатдаги энергоавантюра бошланмасидан олдин сўрашга ҳақли, чунки ҳар қандай энерготажрибаларнинг охирги тўловчиси яна истеъмолчилар бўйнига илинадиган қимматлаштириладиган тарифлар бўлади:
1) LNG завод ва резервуарлар лойиҳаси қиймати қандай? Иқтисодий ўлчовларда бу амалдаги альтернативалардан (табиий газ ёки мазут) қанчага қиммат тушади?
2) Бу энерготажрибанинг ортида турган лоббисти ким? Навбатдаги пудрат “инвестор” эмасми? Ўзбекистонга зарар келтириб пул ишлайдиган битта зараркунандп қиролдан қутулиб, иккинчисига тутилмаймизми?
3) Келаётган куз-қишдаёқ “суюқ метан” ишлатиш бошланса, яна шимолдагиларга қарамлик ортадими? 2027 йилдан ЕИ’нинг LNG импорти ва сақлашга қарши санкциялари тўлиқ кучга киради, табиийки, Газпром ва Новатекка янги бозорлар керак. Оёқлар яна шимолдаги эмиссарлардан ўсиб чиқмаяптими?
4) Бу авантюраларни тийиб, тўхтатиш иложсиз бўлса, тарифлар нима бўлади? Тарифлар уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилиши ҳақидаги ҳукумат ўзи белгилаган қоидалар-ку унутиб қўйилди. “Инфляцияни ҳисобга олиб тарифларни ошириш” қоидасини ҳам бир четга суриб қўйишга тўғри келадими?
- https://t.me/the_bakiroo/8257@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/6569@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9531@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9884@the_bakiroo