23K143Telegramda ochish
Метан ташийдиган пиар контейнерлар иқтисодий самаралими? Ўтган ҳафтада Энергетика вазирлиги "Яхши хабар" рукни билан Водий вилоятларидаги “метан заправка”ларга кўчма контейнерлар орқали табиий газ етказиб бериш тизими ишга туширилишини маълум қилди. Қайд этилишича, 30та газ контейнерларни ташишга мўлжалланган автотранспорт воситалари иш бошлаган.Лекин Пресс-турда айтилишича, жами 150 дона кўчма контейнерлар олиб келинади, ҳозирда уларнинг 92 таси Ўзбекистонга импорт қилинган. Қолган 58 та контейнерни ҳам декабрь охирига қадар олиб келиш кўзда тутилган. Охирги 7-8 йилда ёқилғи энергетикасида амалга оширилган лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва бизнес-модели (ҳаражати давлатга ва истеъмолчиларга, пудрати олигархлар чўнтагига) доим савол остида бўлган. Табиийки, контейнерда газ ташиш лойиҳасининг ҳам иқтисодий самарадорлиги саволлар туғдирмаслиги мумкинмас. Биринчидан, нима учун лойиҳа Ўзбекнефтгаз АЖ томонидан амалга оширилмоқда? 7 йил аввал транспорт, ташиш ва тақсимот функцияларидан воз кечган Ўзбекнефтегазни газ ташишга нима ва қандай алоқаси бор? Бунга Ўзбекнефтегазнинг кредиторлари нима дейди? Нега Ўзтрансгаз (магистрал газ ташиш) ё Ҳудудгазтаъминот эмас? Ё шунчаки тепадан қанақадир бюрократик топшириқ бўлган ва галочка ва очко учун ижро қилишганми? Иккинчидан, лойиҳанинг қиймати қанақа, контейнерларни сотиб олишда тендер ўтказилганми, молиялаштириш манбалари қандай (қарз ё кредит ё бюджет/фрру)? Лойиҳага йўналтирилган маблағлар қайси тушум ҳисобидан ва қанча муддатда қопланади? Иқтисодий самарадорлиги қандай? Учинчидан, ҳозир ҳали ҳарорат плюс 20 даражадалигидаёқ водийда газ заправкаларида узун навбатлар пайдо бўлган, заправкалар кеч тушмай ёпилиб қолмоқда. Эртага ҳарорат нолга яқинлашганда ё нолдан тушганда Сирдарёдан Намангангача газ босими бўлмаса, контейнерлар қаердан қаерга газ ташийди? Ё йўлда ўчиб қолиб, газ учун навбатда турадими? Тўртинчидан, Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида газни катта босимда дамловчи АГТКШ қурилмоқда экан. Бу қурилиш кимнинг ҳисобидан? Мулкчилик ҳуқуқи кимда ва нима айнан Бешариқда? Чуст ё Попдамас, Қўрғонтепадамас ё Марҳаматдамас? Бешариқ газ контейнерда Тожикистон ҳудуди орқали ташилиши учун танланганми ё бошқа сабаб биланми? Бешинчидан, ўзи нима учун контейнерларга мурожаат қилинмоқда. Газ босимини яратиш ва таъминлашнинг компрессор технологиялари энди иш бермайдими? Унда ўнлаб километр газ қувурлари нега қурилди, таъмирланди, триллионлаб сўмларга насос ва компрессорлар қўйилди? Аввалгиларини санамайлик бўпти, контейнерда газ ташилар экан Оҳангарон–Пунгон магистрал қўшимча газ қувури нега қурилди? Ўзи мақсад нима? Лойиҳа ясаб триллионлаб пул ўзлаштиришми ё росмана истеъмолни таъминлаш? Бу йил ҳам водийда газ таъминоти ўтган йиллардаги каби расво бўлса, шунча маблағларни беҳуда совурганлар жавоб берадими, ҳеч қурса сўроқ-савол қилинадими?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin