Суюлтирилган газга талаб яна ошади, таклиф-чи?
Кечаги йиғилишда иссиқлик электр станцияларида суюлтирилган газ сақлаш инфратузилмасини барпо этиш масаласини ўрганиш ва таклифлар киритиш тўғрисида топшириқлар берилган.
Эҳтимолки, табиий газ узилган қиш-қировли кунларда станцияларда мазут ўрнига суюлтирилган газ ёқиш мўлжалланмоқда. Албатта, экология ва табиат барқарорлиги учун, аҳоли саломатлиги учун шундай ечимлар керак.
Айни пайтда, Ўзбекистонда суюлтирилган газ дефицити мавжудлигини ҳам инобатга олиш керак бўлади. Расмий статистика суюлтирилган газ (пропан-бутан) ишлаб чиқариш ҳажмлари ва унинг динамикаси тўғрисида ахборот бермайди. Энергетиклар оғзидан чиққан рақамларга ишонилса, 2025 йилда 852 минг тонна пропан ишлаб чиқарилган ва унинг 640 минг тоннадан ортиғи “аҳолига берилади”. Биржа савдолари орқали 358 минг тонна пропан сотилган (шундан 219 минг тонна маҳаллий маҳсулот). Шу иккита рақамнинг ўзида, яъни аҳолига берилади дейилган ва биржада сотилган маҳаллий пропан йиғиндиси ишлаб чиқарилади дейилган рақамдан ортиб кетади. Хуллас, ишонарли ва тузук-қуруқ статистиканинг ўзи йўқ. Лекин истеъмолчилар куз келди дегунча, дефицит ва нарх потираб ошишини ўз чўнтакларида ҳис қилишади.
Бунинг устига айнан талаб ошган куз-қиш ойларида пропан ишлаб чиқарувчи монополистлар “профилактикага” чиқиб олишади (аслида табиий газ йўқлиги учун заводлар фаолияти тўхтайди).
Нима бўлгандаям, ИЭСлар суюлтирилган газ ишлата бошлаши ўзи қопланмаётган талабни кескин оширади, демак, таклифни ошириш, рақобатли манбаларни шакллантириш ҳақида ҳам ўйлаш керак бўлади.
- https://t.me/the_bakiroo/11717@the_bakiroo
- https://t.me/RaqobatGovUz/11569@RaqobatGovUz