ХВЖ ноаниқликлар ва хатарлар ҳақида
"Ноаниқликлар даражаси юқорилигича қолмоқда, айни пайтда ривожланиш истиқболларининг ёмонлашиши хатарлари сақланмоқда, ижобий сюрпризлар учун имкониятлар эса чекланган деб кўрилади. Яқин Шарқдаги урушнинг оқибатлари унинг давомийлиги ва шиддатига боғлиқ бўлади. Унинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсири, эҳтимол, нисбатан чекланган бўлади, чунки уруш таъсиридаги мамлакатлар билан савдо ҳажмлари ва бу мамлакатлардан пул ўтказмалари нисбатан кам, аммо глобал конъюнктуранинг ёмонлашиши натижасида асосий савдо ҳамкорлари жабр кўрса, билвосита каналлар вазиятга анча жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур фонда ташқи хавфлар биринчи навбатда геосиёсий тарангликнинг юқори даражаси, савдодаги узилишлар, хом-ашё товарлари нархларининг ўзгарувчанлиги ва глобал иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ноаниқлиги билан боғлиқ.
Ички хавфларга эса талабни рағбатлантириш мақсадида проциклик характердаги харажатлар ва (ёки) директив ҳамда имтиёзли кредитлаш дастурлари орқали босим ўтказиш, балансларнинг потенциал ёмонлашуви ҳамда давлат корхоналари, давлат тижорат банклари ва давлат-хусусий шерикликлар фаолияти билан боғлиқ шартли мажбуриятларнинг мавжудлиги киради. Имкониятлар нуқтаи назаридан эса таркибий ислоҳотларнинг тезкор амалга оширилиши ривожланиш истиқболларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаши мумкин. Капитал оқими ва пул ўтказмаларининг ўсиши ёки олтин нархларининг юқори бўлиши ҳисобига ўсиш имкониятлари уларнинг ҳозирги қулай даражаларини ҳисобга олган ҳолда нисбатан чекланган кўринмоқда".