19K68Telegramda ochish
Картага пул солишда хавотирлар бироз арийди Монополист тўлов тизимларидан бири акцептсиз ечиб олишлардан фойдаланилганда минимал камайтирилмайдиган қолдиқ жорий этилиши ва картада "автосўндиришдан" ҳимояланган камида 3 БҲМ (1 236 000 сўм) сақланиши ҳақида маълум қилмоқда. Эҳтимол, эрта-индин иккинчи монополист тўлов тизими ҳам бу ҳақда расман маълум қилар. Балки истеъмолчининг "автосўндиришдан" асрайдиган минимал кафолатларни тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам киритиш керак бўлар. 1 апрелдан кейин қатор сегментларда нақдсиз тўловлар талаб этиладиган қоидалар ишга тушгач, истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларидан бири ҳам шу — яъни нақд пул солинган картадан банк кредитлари ва бошқа мажбуриятларнинг ечиб олиниши хавотири билан боғлиқ эди. Энди қарздор истеъмолчилар ҳеч қурса ёқилғи, спиртли ичимликлар ёки тамаки маҳсулотлари учун тўловлар қилиш мақсадида карталарини "автосўндиришдан" қўрқмасдан тўлдиришлари мумкин бўлади. Яна бир тузатиш ёки тўғирланиш умумий овқатланиш корхоналарига спиртли ичимликлар учун ҳисобни алоҳида ва нақдсиз қилиб ажратмасдан битта тўлов (нақд ё нақдсиз) қилишга истисно бериш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда кечаги учрашувда яхши ишоралар янграган. Нақд пулсиз тўловлар қоидалари қотиб қолмаслиги кераклиги ва такомиллашишда давом этиши ҳақида 20 кун аввал прогноз қилган эдик. Умид шуки, такомиллашиш жараёни карталарни комиссиясиз тўлдиришгача бўлган инсофий босқични ҳам қамраб олади, монопол тўлов тизимлари ва яккахон тўлов ташкилотлари бу уларнинг манфаати учун ҳам эканини тушуниб етишади.

Arxivda shunga yaqin