82 млрд.доллардан ошган ялпи ташқи қарзнинг таркиби қандай?
Марказий банк 2025 йил якунларига оид Тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ҳамда ташқи қарз бўйича шарҳни ниҳоят очиқлади (аввалроқ статистик ҳисоботлар берилганди).
2025 йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 5,8 млрд.долларни ташкил этган (ЯИМга нисбатан 3,9%). Солиштириш учун, 2024 йилнинг тегишли даврида жорий операциялар дефицити 5,7 млрд.долларнидан иборат бўлган (ЯИМнинг 4,7%и).
Жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги молиявий ҳисоб доирасида жалб қилинган капитал тушумлари, хусусан тўғридан-тўғри ва портфель инвестициялар ҳамда бошқа молиявий манбалар ҳисобига молиялаштирилган.
2025 йил якуни бўйича молиявий ҳисоб манфий сальдоси 9,3 млрд долларни ташкил этган. Хусусан, 2025 йил давомида мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши 2024 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ўсиб, 4,4 млрд долларга тенг бўлган. Портфель инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига 40 фоизга кўпайиб, 4,4 млрд долларга етган.
Ялпи ташқи қарз 2026 йил 1 январь ҳолатига 82,2 млрд.долларга етган (+18,1 млрд.доллар). Ташқи қарзнинг рекорд даражада ўсиши корпоратив ташқи қарзнинг ҳам, давлат ташқи қарзининг ҳам рекорд даражада ўсиши ҳисобига рўй берган.
Асосан давлат компаниялари ва банкларнинг қарзларидан иборат корпоратив ташқи қарз 11,5 млрд.долларга кўпайиб, 41,7 млрд.долларга етган . Тасаввур қилиш учун: Корпоратив ташқи қарзнинг ўсиши 2024 йилда ялпи қарзнинг жами ўсишини (+10,8 млрд.доллар) ҳам ортда қолдирган. Корпоратив ташқи қарзнинг қанча қисми росмана хусусий секторга тааллуқли экани бўйича очиқ маълумотлар йўқ.
Давлат ташқи қарзнинг ўсиши ҳам 6,6 млрд.долларгача тезлашган ва 2026 йил 1 январь ҳолатига 40,5 млрд.долларга етган.
Жон бошига ташқи қарз 2026 йил 1 январь ҳолатига 2 150 долларга етган ((2025 йил бошида 1 705 доллар эди).