Собиқ амалдорлар учун бир сакраб турдош бизнесга ўтишда "айланма эшик" ёпиладими?
Антикоррупция агентлиги давлат идораларида ишлаган айрим раҳбар ва масъул ходимларнинг ўзи назорат қилган ташкилотларга ишга ўтишига нисбатан янги чекловларни таклиф этмоқда.
Мазкур талабларни жорйи қилиш 2026 йил учун Давлат дастурида ҳам кўзда тутилганди.
Низом, айтиш керакки, бирмунча юмшоқ талабларни қўймоқда. Яъни, собиқ амалдорлар учун ўзи бевосита ёки билвосита назорат қилган соҳаларда "айланма эшик" тўла-тўкис ёпилаётгани йўқ.
Фақат коррупциявий хавф даражаси “юқори” деб баҳоланган ва қуйидаги мезонлар мавжуд бўлганида собиқ амалдор янги жойга ишга қабул қилиш рад этилади:
а) ходим илгари мазкур ташкилот устидан бевосита назорат қилган бўлса;
б) янги лавозим молиявий бошқарув, давлат харидлари, лицензиялаш ёки назорат функциялари билан боғлиқ бўлса;
в) ходимга нисбатан коррупциявий омиллар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан текширувлар мавжуд бўлса;
г) ходимнинг ташкилотдаги фаолияти давомида коррупциявий ёки манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўйган бўлса;
д) ходимнинг илгари қабул қилган қарорлари натижасида ташкилот учун ҳуқуқий ёки иқтисодий афзалликлар шаклланган бўлса;
е) хизмат вазифаларини бажаришда шахсий манфаат таъсири мавжуд бўлган ёки мавжуд бўлиши эҳтимоли бўлса.
Чекловларни, аниқ совутиш даври белгиланмаса, айланиб ўтиш мумкин. Яъни кечаги вазирлар бир думалаб, бизнесда "муваффақиятли фаолиятини" давом эттираверади.