Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқларини бузаётган банклар ва микромолия ташкилотлари номини маълум қила бошлаган
Жорий йилнинг биринчи чорагида Shaffof-moliya ва Tezcoin микромолия ташкилотларида ҳамда Uzum bankда ўтказилган текширувлар давомида қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Хусусан:
Микромолия ташкилотларида:
микроқарз ажратишда қарз юки бўйича белгиланган талабларга риоя қилинмаган;
мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик;
микроқарз шартномаларини расмийлаштиришда қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ акс эттирилмаган;
мижозларнинг кредит тарихи бўйича маълумотлар белгиланган муддатларда кредит бюроларига тақдим этилмаган.
Uzum bankда:
банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик;
мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик;
кредит бюросига истеъмолчиларнинг кредит тарихи маълумотлари қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб юборилган;
истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар киритилмаганлиги билан боғлиқ ҳолатлар.
Аниқланган қоидабузарликлар хусусияти ва кўлами инобатга олиниб, Марказий банк томонидан:
Shaffof-moliya микромолия ташкилотига нисбатан – 201,0 млн. сўм;
Tezcoin микромолия ташкилотига нисбатан – 156,0 млн. сўм;
Uzum bankка нисбатан 215,5 млн. сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилган.
Шунингдек, Ипотека-банк томонидан банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги маълум бўлган. Хусусан,
кредит қарздорликлари учун маблағлар қарз олувчиларнинг банк карталаридан тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин ечиб олинган;
кредит шартномасида қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)га тегишли бўлган банк картасидан маблағлар кредит қарздорликлари учун аксепциз (розиликсиз) ечиб олиниши белгиланмаган бўлсада, маблағлар аксепциз ечиб олинган;
кредит шартномаси бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан чиқарилган;
шартномаларни расмийлаштиришда қонунчилик талабларига риоя этилмаган.
Марказий банк томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар учун Ипотека-банкка нисбатан 105,0 млн. сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банкларининг ҳудудлардаги филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирлари ўтказилган. Назорат тадбирларида тижорат банклари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни ташкил этишда ошкоралик, шаффофлик, ахборотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигига оид қонунчилик талабларига риоя этилмаганлик ҳолатлари кузатилган.
Регулятор томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар хусусияти, миқёси, давомийлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда 14 та банкка нисбатан жами 681,5 млн. сўм жарима санкцияси қўлланилди. Шундан, Агробанкка – нисбатан 255,0 млн.сўм, Ўзсаноатқурилишбанкка – нисбатан 119,5 млн.сўм жарима белгиланган.