Гербимиз ва заёмимиз ҳақида
Журналист Шокиржонов билан O‘zbekchilik подкастида 34 йил аввал қабул қилинган гербимиз масаласида суҳбат қилгандик (футбол ҳақидаги жойларини кўриш шартмас), лекин гап ораси бир муҳим тарихий жиҳатни айтиб кетиш эсдан чиқипти.
Гербимиз 1992 йил 2 июлда, Олий Кенгашнинг 10- сессиясида қабул қилингани билан, 1992 йил апрель ойида босиб чиқарилган ички ютуқли заёмда орадан 3 ой ўтиб қабул қилинадиган гербимиз сурати туширилган.
1992 йил 6 апрель куни Каримов имзолаган қарорда шундай дейилади:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўздавбанк» билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини 1992 йил 1 майгача тайёрлашни таъминласин (Ўздавбанк бу ҳозирги Марказий банк, дарвоқе, Марказий банкнинг туғилган куниям 2 июль). Яъни гербимиз 1992 йил 2 июлда Парламентда расман тасдиқлангани билан амалда 1992 йил апрелда чоп этилган қимматли қоғозда унинг сурати пайдо бўлган.
Буям ҳаммасимас. Ўша даврнинг катталари эсласа керак, 250, 500 ва 1000 сўмлик заёмлар июнь ойидаёқ тарқатила бошлаган (ойлик, пенсия бир қисмига заём берилган). Яъни гербимиз тасдиқланмай туриб халқимиз уни ўз кўзи билан кўрган ва ушлаган.
Суратда 500 сўмлик заём