Янги гербда Ҳумо қушнинг боши нечта бўлади?
Албатта, ҳар қандай фикр яшашга ҳақли. Узвийлик ва устуворликни четга улоқтириб ташласак ҳам, ноқулай саволлардан қочиб қутилиб бўлмайди, айниқса таклиф парламент расмий платформаси-ю, пропаганда нашрларининг асосий саҳифаларигача бўлган майдонларни эгаллаб турган бўлса.
Рости, билмайман, 1992 йил 2 июлдаги парламент мажлисида амалдаги гербимиз учун кимлар овоз бергани ва кимлар қарши бўлганини (ҳалигача депутатларимиз айни ёки баҳсли масалаларда қандай овоз бераётганини билмаймиз, гарчи бу ҳақда Давлат раҳбарининг фармони бўлса-да). 1992 йил 2 июлдаги протоколни бир кўтариш керак, хуллас.
Гербимизга саволларим бор (байроғимизгаям), лекин шу герб ва шу байроқ остида ғалабаларимиз бўлган, қурбонликларимиз ҳам. Гербимиз, байроғимиз миллий консенсусга айланиб бўлган (саволлар бўлгинчиликка етаклайди). Масалан, Ҳумо қушни ўраган пахта ва ғалла занжири нимани англатиши ҳалиям саволли (балки бу пахта ва ғалладан қутилаётган Ҳумо қушни ифодалар?). Лекин рамзларимиз аллақачон бирлаштирувчига айланиб улгурган, ўнгни сўл билан, либерални консерватор билан, каттани кичик билан. Қўлимда байроқ, кўксимда Герб турганда, масалан, Каримов ҳаёлимнинг бир бурчига келмайди рости. Фақат Ўзбекистон келади.
Тасаввур қилинг, янги Гербимизда пахта ва ғалла олиниб, икки бошли Ҳумо пайдо бўлса.
Хуллас, Гербимиз кимгадиир ёқиш-ёқмаслигидан қатъий назар, ўзгартиришга ёки алмаштиришга қаршиман. Ўзгартирилган ё алмаштирилган Гербнинг умри яна бир эпоха бўлади.
Ўзбекистонимизнинг умри узун ва фузун бўлсин!