Zarnigorbegim ⚜️ kanalidan
Ижтимоий тармоқларда Фарғонада 31май, 1 июнь кунлари Сўхда рўй берган можаро иштирокчилари бирин-кетин ҳибсга олингани ҳақида хавотирли хабарлар тарқала бошлади. Билишимча, 10 август куни аввал 23 ёшли Давлатжон Маллаев ҳибсга олинган. Ортидан яна беш нафар сўхликка жиноят иши очилган. Бир оз вақт ўтгач, аслида ҳибсга олинган сўхликлар сони 12 киши атрофида эканлиги ҳақида мақола эълон қилинган. Очиқ медиаларда келтирилган ушбу мақолалардан кейин Прокуратура ҳам расмий баёнот эълон қилиб, 6 нафар сўхликка жиноят иши очилганини тасдиқлади. Қолган яна 6 нафар сўхликлар билан нима бўлгани номаълум. Шу тўлқинда 1 июнь куни сўхликларнинг Бош вазир билан учрашувида чиқиш қилган блогер Дадахон Ҳайдаровнинг суҳбатга олиб кетилиб, йўқ бўлиб қолиши жудаям аҳамиятли.
Чунки бошқа сўхликлардан фарқли равишда айнан Дадахоннинг қайси чиқиши учун "суҳбатга олиб кетилгани" видеоси бор. Майли, қолган йигитлар айнан тош отганлиги учун жиноий иш очилгандур. Бу ҳақида аниқ маълумотимиз йўқ. Лекин Дадахонга суҳбат пайтида, ҳаммадан таклифлар эшитилаётганда ўзининг таклифларини микрофонга айтган экан холос. Қандайдур оммавий тартибсизлик уюштириб, чақириқлар қилмаганини кўрдим. Шунчаки сўралгани учун таклифларини берган йигитни кўрдим холос. Бу учун жавобгарлик бор бўлса, унда олдини олиб, таклиф сўрамаслик тўғри бўлмасмиди?!
Қолган йигитларнинг ҳибсга олиниши, сўроқ қилиниши эҳтироссиз, айбсизлик презумпцияси асосида ўтказилиши керак. Лекин бунга шубҳам бор. Шубҳаланишимга биринчи сабаб, судларнинг ёпиқ ўтаётгани, бу ҳақида маҳаллий ОАВлар ҳеч нарса демаётгани ва албатта, йигитларнинг адвокати ким эканлиги, ҳимоя қандай далиллар асосида шакллангани номаълумлиги ҳисобланади.
Бутун бир туман, туман ортидан вилоят ва республикада савол туғдирадиган тергов ва суд холис ўтиши керак. Бу "катталарнинг кичикларга сабоғи" эмас, балки қонунчиликнинг ижроси, ҳуқуқ ва мажбуриятлар таъминотидан эпизод бўлиш керак.
Холислик учун эса биринчи навбатда, кимга қандай (моддий, маънавий, жисмоний) жароҳат етказилгани аниқланиши, айбдорларга ишора қилувчи далиллар экспертизаси, воқеликка олиб келган сабаблар, маҳаллий ҳокимиятлар вакилларининг халқ билан мулоқоти қандай ташкил этилгани ва қандай олиб борилгани, мансабдорлар ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолатлар ўрганилиши шарт.
Чунки очиқ манбаларда ва учрашув жараёнидан эълон қилинган лавҳаларда нафақат ҳоким ва мансабдорларни тошбўрон қилиш ҳолатлари, балки сўхликларга тазйиқ, босим ва таҳдидлар қилингани ҳам акс этган. Демак, ҳар иккала тарафда айбдорлар борлиги аниқ. Лекин, ҳар иккала тараф ҳам жавобгарликка тенг тортилишини ким таъминлайди? Ҳар сафар бир тараф огоҳлантириш ва хайфсан олаверса, иккинчи тараф эса "суҳбат"га йўқолиб қолаверса Ўзбекистон қайси йўлни танлаган бўлади?
Ҳокимият вакиллари тошбўрон қилинганида буни барча блогерлар қоралаб чиққанди. Фарғона менежментига симпатияси борлардан тортиб, антипатияси бор бўлган кўпчиликкача. "Кечирим", ҳеч нарса бўлмаслиги ҳақидаги ваъдалардан кейин эса аксарият танқидчилар ҳам ушбу позиция учун ҳурмат эътироф қилганди. Энди бўлаётган ишларни қаранг...
Ҳиссиётлар ортидан вилоятда умумий тенденцияни кўздан қочирилаётгани аянчли. Чунки ҳозир Фарғона "анекдот" қилиб айтиладиган сеҳрли диёрга айланиб қолган. Кулгига қолаётгандек. Бу нафақат ҳокимнинг шахсий имижи балки бутун вилоят, стратегик ва туристик аҳамиятга эга бўлган ҳудуднинг репутациясини бузаяпти. Фарғона, деса биринчи ўринда эркин иқтисодий зона эмас, ҳаттоки ФНҚИЗ эмас, юзлаб яратилаётган иш ўринлари ва маҳоратли ҳунармандлар эмас, "қама-қамалар" эсга олинадиган бўлди.
@zarnigor1
- https://t.me/bugunuz/38402@bugunuz
- https://t.me/bugunuz/38635@bugunuz
- https://t.me/bugunuz/38636@bugunuz
- https://t.me/uzbprokuratura/1590@uzbprokuratura
- https://t.me/bugunuz/38712@bugunuz
- https://www.youtube.com/watch?v=vmQe3iPUM10youtube.com