2026 йил июль воқеаларидан кейин қандай асосий хулоса чиқариш керак?
Анҳорда эълон қилинган материалда Темур Аҳмедов янги электр станциялари нега ортиқча юкланиш муаммосини ҳал қилмаслиги, тартибсиз қурилишнинг хавфи нимада экани ҳамда Ўзбекистонга нега ақлли тармоқлар, энергия сақлаш тизимлари ва талабни бошқариш зарурлигини тушунтирган.
Иқтибос:
"Асосан марказлашган генерацияга таянган модел аста-секин ўз чегараларига етмоқда. Ўзбекистон янада мослашувчан, зарур бўлганда мустақил ёки ярим мустақил ишлай оладиган микро тармоқларга эга марказлашмаган тизимга муҳтож.
Урушлар, табиий офатлар ва иқлим ўзгариши инфратузилманинг барқарорлиги миллий хавфсизлик масаласига айланаётганини кўрсатди. Тизим бир нечта йирик генерация марказлари ва узоқ электр узатиш линияларига қанчалик кўп боғлиқ бўлса, унинг заифлиги шунчалик юқори бўлади.
Бу марказлашган тармоқни демонтаж қилиш керак дегани эмас. Аммо фақат уни кенгайтиришга киритилаётган инвестициялар энди етарли эмас. Шу билан бирга маҳаллий генерация, энергия сақлаш тизимлари ва автоматлаштирилган бошқарувни ривожлантириш зарур".
Аҳмедов талабни бошқариш ҳақида бутун мақолада кўп тўхталган. Унинг фикрича, талаб кескин ошганда, уни бошқариш имкони бўлмаса, иккита асосий вариант қолади: зудлик билан генерацияни кўпайтириш ёки айрим истеъмолчиларни вақтинча чеклаш. Лекин учинчи - энг самарали йўл ҳам бор, бу нархлар "соатбай" шаклланадиган улгуржи бозорга ўтиш.
Юкламанинг бир қисмини кечки энг юқори даврлардан қуёш станциялари кўпроқ энергия ишлаб чиқарадиган кундузги соатларга кўчириш мумкин, демоқда муаллиф. Қандай қилиб? Мажбурлабми, ўчирибми? Йўқ, фақат нарх билан!