"Тошкент пиёдалар учун эмас"
Бу Тошкент шаҳар раҳбариятининг эълон қилинмаган мафкураси. Пойтахт менежменти, менинг назаримда, пиёдаларни камида "неудачник" ва бошоғриқ деб ҳисоблайди. Буни сиз пойтахтнинг ҳар бир қадамида, гўёки янгиланаётган деб айтилаётган ҳар бир кўчасида кўришингиз мумкин.
Президент кўзи учун янгиланган чорраҳада ҳеч қаёққа олиб бормайдиган бундай пиёдалар йўлагини Африкада ҳам топа олмайсиз.
Шошма-шошарлик, кўзбўямачилик, соққакашлик ва уқувсизлик намунаси ҳам айнан Тошкентда. Бутун дунё Тошкентга келиб нималар қилмаслик кераклигини ўрганиб кетса бўлади. Тошкентда пиёдаларга қарши қилинаётган ишларни қилинмаслигининг ўзи муваффақият гарови.
Ер усти метроси очилишидан аввал рақамланган бекатлар бўйлаб пиёда юрганимда буни тушунгандим. Пиёда бечора йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиши учун камида 1-1,5 км юриши ва ортга қайтиши керак. Юзлаб автомашиналарнинг Роҳат томон ва Роҳатдан қатнови тинмайди. Рақамланган бекатларнинг биротаси атрофида на керакли светофор, на ерсти ва на ер ости ўтиш инфраструктураси мавжуд.
Агар мабодо Президент ўша очилиш куни қайсидир рақамли бекатда тушиб қолиб, қарама қарши томонга ўтмоқчи бўлганида - буни қилишарди. Режада бундай ҳаракатланиш бўлмаган, шунинг учун нима кераги бор? Ахир қанақадир "неудачник" пиёдаларни деб ўтиш йўлаги ва светофорлар қуриш керакми?
Доктор Эркинжон Каримов ёзмоқда:
"Ерусти метросидан 6-бекатда тушдим. Йўлнинг у томонига ўтишим керак. Бунинг учун метро бекатидан чиқиб тўғрига 150 метр юраман, бузилган уйдан ўнгга бурилиб 50 метр юраман. Кейин орқага қараб 1 кмча расмдаги девор бўйлаб юраман. Ундан кейин устунлар орасидан эплаб ўтолсам ...
"Саёҳат" давом этади. Устунлар орасидан катта йўл бўйига чиқиб олдим. Яна орқага 1км юрдим. Мана бекатга катта йўл томондан қараб турибман. Орамиз 5 қадам. Бир ишбилмас сабабли 5 қадам ўрнига салкам 2.5 км юришга тўғри келди."