
Кичик бизнес ҳақида гап кетганда энг кўп эшитиладиган битта муаммо бор. Тадбиркорлар доим: «Ғоям бор, ишлашга ҳам тайёрман, лекин пул йўқ, банкдан кредит олай десам гаровга қўядиган мулким йўқ», дейишади.
Ҳозир Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси банклар орқали 200 миллион сўмгача гаровсиз микрокредитларни қайта молиялаштирмоқда. Бу жуда муҳим тизим. Чунки энди тадбиркорга пул беришдаги бор таваккалчилик фақат банкнинг бўйнида қолмайди. Давлат компанияси ҳам бу рискнинг бир қисмини ўз бўйнига олади.
Аслида ривожлантириш ташкилотлари айнан шундай ишлаши керак. Улар бозорда банклар билан рақобатлашмаслиги лозим. Аксинча, банклар кўпроқ тадбиркорларга пул бера олиши учун уларга имконият яратиб бериши керак.
Бундан ҳамма манфаатдор. Банкнинг хавфи камаяди, Компания ўз вазифасини бажаради, энг муҳими қўлида гарови бўлмаса ҳам ишламоқчи бўлган тадбиркор реал пул олади.
Тизим бор. Маблағ бор. Банклар ҳам тайёр. Энди фақат бу имкониятдан қанчалик фаол ва тўғри фойдаланиш масаласи қолди. Кейинги ҳисоботларда бу йўналишдаги рақамлар катталашиши лозим.