ABB банки Ўзбекистон бозорига киргани расман эълон қилинди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар якунида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эришилган натижалар қаторида Озарбайжоннинг етакчи банки Ўзбекистон бозорига кириб келганини ҳам санаб ўтган.
Ўтган куни Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари форумида Озарбайжоннинг энг йирик АВВ банки Давр банкнинг 51%лик назорат пакетини сотиб олиш бўйича битим имзолангани маълум бўлганди.
Шу йил май ойида АВВ банки Давр-банкнинг 51% акцияси учун 100 миллион доллар таклиф этилгани, рухсатномалар олиш ва расмийлаштириш жараёнлари тезда якунланса, ABB жорий йилнинг иккинчи ярмиданоқ Ўзбекистон бозорида „ABB Davr Bank“ номи билан фаолият бошлаши мумкинлиги айтилганди.
12,1 трлн.сўмлик активларга ва 1,9 трлн.сўмдан кўпроқ капиталга эга Давр банк 2025 йилни халқаро стандартлар бўйича 667 млрд.сўм соф фойда билан якунлаган.
Агар битим бўйича аввал очиқланган рақамлар доирасида келишув ёпилган бўлса, банк акциялари номиналига нисбатан 1,2*х даражасида баҳоланган бўлиб чиқади. Ўзбекистон банк бозоридаги кичик ва ўрта банклар учун мазкур битим жуда яхши бенчмарк бўлиб хизмат қилади.