15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади!
Йиғилишда иқтисодий фаолиятни тўлиқ статистик ҳисобга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигида умумий айланманинг 60 фоизи ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.
Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти. Рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламайди ёки фаолиятини тўхтатган.
Мазкур ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4-5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолмоқда. Ушбу фаолиятни тартибга солиш бюджетга қўшимча ўнлаб триллион сўм тушум таъминлаш ва келгусида солиқ юкини камайтириш имконини беради.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифи маъқулланган. Унинг доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилиб, субъектларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилади. Корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрлар янгиланиб, танланма кузатувлар учун ишончли асос яратилади.