Стадион таъмирланаяпти эмас, Тўқимачи ҳудудига бизнес-офислар қурилаяпти, дейиш ўринлироқ бўлади
Бульдозерлар солинган Тўқимачи стадиони бўйича Кунўз айрим маълумотларни аниқлашга уринган.
Лекин узуқ-юлуқ маълумотлар саволларни янада кўпайтирган. Биринчидан, стадион давлатга тегишли эмас, касаба уюшмалари федерациясига тегишли деган важ гўёки, стадионларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун Тўқимачига оид эмас, деган таассурот тарқатади. Тўқимачи стадиони қандай қилиб Касаба уюшмалари федерациясига ўтиб қолган, буни ҳам яна ўрганиш керак, эҳтимол айнан давлат органлари унинг балансига фойдаланиш учун ўтказиб берган (балки қарзга ботирилиб, банкрот бўлиб, ёпилиб, ўрнига домлар ва офислар қурилиб кетган машҳур Тошкент тўқимачилик комбинатининг спорт иншоотлари давлат томонидан касаба уюшмага ўтказиб берилган). Қолаверса, Касаба уюшмалари федерацияси охирги йилларда энг катта бюджет ўзлаштирувчисига айланган, тасаввур қилишингиз учун Касабачилар федерациясига бюджетдан Сенат, Қонунчилик палатаси ва Обмудсман биргаликда оладиганидан кўпроқ пул ажратилади. Ҳар йили. Демакки, Тўқимачи стадиони, моҳиятан ва келиб чиқиши бўйича, давлатга тегишли объект. Давлат мулки объекти бўлган футбол стадионлари ва майдонларининг фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш ва сотувга чиқариш тақиқланган.
Иккинчидан, стадион бузилмаяпти, реконструкция қилинаяпти деган важ қип-қизил ахборий манипуляция. Келтирилган паспортдан ҳам кўришингиз мумкинки, стадион майдони бўйлаб кўп қаватли бизнес ва савдо мажмуалари қурилмоқда (5 қаватли автотураргоҳ, 4 қаватли маиший хизмат кўрсатиш объекти, савдо мажмуалари, стадион ва томоша трибунаси, 2 қаватли ерости автотураргоҳи). Вергуллар орасида стадион энг охирги объект. Агар стадион бу лойиҳада ростанам муҳим объект бўлганида, Тўқимачининг айтайлик, 15 ё 20 минг ўринли замонавий стадионга айлантириш лойиҳанинг асосий мазмуни бўларди (шундай стадион ўзи жудаям керак). Шундай экан, жаноблар, ҳамма нарсани ўз номи билан атанглар: Сизлар стадионни таъмирламаяпсизлар, сизлар стадион ўрнида бизнес-офислар қураяпсизлар.
Учинчидан, Кунўз суриштирувида бу "реконструкция" лойиҳасига қанча пул ажратилгани ва асосийси, пулни ким ажратганига эътибор қаратмаган (балки кейинги суриштирувлар мазмуни шу бўлар). Эътибор беринг, келтирилган ҳужжатдан кўринадики, буюртмачи — Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати. Яъни, давлат органи буюртма қилаяпти. Пудратчилар кимлиги эса умуман ноаниқ.
Тўртинчидан, "реконструкция" якунлангач, Кўп қаватли офис (5+2 автотураргоҳ дея ниқобаланган) ва савдо мажмуаси биноларининг мулкдори ким бўлади? Касаба уюшмалари? Ҳокимият? Ё Йўл-йўлакай бошқа эгалари пайдо бўладими? Стадионнинг мақоми-чи? Айтинг-айтинг, муҳташам стадион пулга ижарага бериладиган мини-стадиончаларга айланиб қолмайдими?
Бешинчидан, Тўқимачи бу шартли репетиция. Агар кўз юмилиб, ўтиб кетса, бошқа стадионларни ҳам шундай кўргулик (Тўқимачи тажрибаси) кутади (биринчи навбатда, айтайлик Пахтакорни).