23K72Telegramda ochish
Стадионларни хусусийлаштириш тақиқланади, мактаб ва боғчалар ер майдонлари-чи? Давлат раҳбарининг қарори билан давлат мулки объекти бўлган футбол стадионлари ва майдонларининг фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш ва сотувга чиқариш тақиқланиши эълон қилинди. Бу жуда муҳим хабар, айниқса самарасиз фойдаланилмоқда баҳонаси билан спорт иншоотларини эгаллашга очиқча уринишлар бошланган бир пайтда. Уч ой аввал давлат мулки бўлган, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёхуд бошқача тарзда бегоналаштириш тақиқланганди. Айни пайтда Ўзбекистонда мактаб ва боғчаларнинг, шифохоналарнинг ер майдонларини турли воситалар билан эгаллаб олишга қарши қонунчилик нормалари мавжуд эмас. Бу ҳақда сайлов-палов кампанияси вақтида қоп-қоп ваъдалар берган ва дастурига киритган парламент партияси ҳозир эслагисиям келмайди. Тасаввур қилишингиз учун, шу кунларда қатор ҳудудларда ишлаб турган давлат боғчаларининг майдонларини (боғи, ўйингоҳи, эски бинолари) ДХШ баҳонасида тадбиркорларга беришга таклифлар тайёрланмоқда (тайёр инфратузилма устига). Агар бу таклифлар пайдар-пай ўтиб кетса, ўзи бусиз ҳам кучайиб бораётган ижтимоий тенгсизлик янада яққол намойиш этилади, очиқча кўз-кўз қилинади. Камбағалнинг боласи давлат боғчасига, бойнинг боласи унинг ёнида, худди шу давлат боғчаси ер майдонига қурилган хусусий боғчага боради. Боғчаданоқ болачалар ижтимоий ҳолатига қараб сортларга ажратилади: 10 метр нарида бойнинг боласи бассейнда чўмилади, буёқда давлат боғчасида камбағалнинг боласи ерга қазилган туалетга қатнайди. Давлат боғчасининг ер майдонига хусусий боғча, давлат мактаби ер майдонига хусусий мактаб қуриш ёки турли важлар билан бегоналаштириш хато, худди шунингдек, давлат шифохонасини бадарға қилиб ёки ер майдонига хусусий клиника қуриш ҳам. Бу ватандошларнинг ижтимоий ҳолатига қараб очиқча камситишга яшил чироқ ёқиш дегани. Давлат боғчасининг бўш майдони бўлса, фақат давлат боғчаси қурилиш керак, давлат мактабининнг бўш ер майдони бўлса, фақат давлат мактаби қурилиши зарур, давлат шифохонаси ёнида бўш ери бўлса, фақат давлат шифохонаси қурилиши лозим.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin