Давлат фуқаролик хизматчилари маошлари тартибга солинади
Давлат раҳбари 2 сентябрда имзолаган Фармон билан давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш кўзда тутилган.
Демак, 2027 йил 1 январдан бошлаб давлат органларида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
Лавозим маоши;
Малака даражасидаги тўловлар;
KPI'га эришилгани учун лавозим маошига ҳар ойлик устамалар;
Бонус тўловлари (мукофотлаш).
KPI'га эришганлик учун харажатлар сметасида бир йиллик лавозим маошининг 25%и миқдорида, бонус тўловлари учун харажатлар сметасида бир йил учун штатлар жадвалидаги бир ойлик лавозим маоши (малака даражаси учун тўлов билан бирга) миқдоридаги маблағлар режалаштирилади.
Бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан ходимларга қўшимча тўловларни тўлаш амалиёт бекор қилинади.
Давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан бошқарув ходимларининг штата бирликларини сақлаш тақиқланади.
Фармонда кўзда тутилмаган қўшимча устамалар, шу жумладан, бошқа турдаги унвон ва мартабалар учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловларни тўлаш тақиқланади (давлат мукофотлари учун тўловлар мустасно).
Бошқача айтганда, малака, иш унумдорлиги ва натижадорликни четга суриб қўйиб, фақат садоқат принципларида кимларга космик маошлар тўлаш, кимларнидир эса суткасига 10-15 соатлаб, дам олиш кунисиз ишлаганига қарамай, моддий рағбатлантирмаслик ҳолатларига чек қўйилади.
2026 йил 2 сентябрдан бошлаб 2026 йил 31 декабрга қадар ходимларнинг Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан тўланадиган ҳар ойлик иш ҳақи миқдори (меҳнат таътили ва фойдаланилмаган меҳнат таътили компенсацияси учун тўловлар бундан мустасно) Фармонда белгиланган ҳар ойлик ўртача иш ҳақи миқдоридан ошиб кетишига йўл қўймаслик таъминланади.