Амалдорларнинг монетизация қилиниши лозим бўлган имтиёзлари ҳақида. Биринчи қисм
Ўзбек амалдорларининг даромадлари декларацияламагани ва очиқланмагани туфайли, агар ўзлари, масалан Зоир Мирзаевнинг Хушнуд Худойбердиевга интервьюси ёки бўлмасам, Артикходжаевнинг мемларга айланиб кетган ўша машҳур интервьюсида айтган гапларидан бўлак ҳеч қандай ахборот йўқ.
Албатта, ҳеч ким Мирзаевнинг 7 млн.сўм маош олиши ёки Артикходжаевнинг 3 млн.сўмлик ойлигига жиддий қарамайди.
Лекин Янги дейилаётган даврнинг 4- йили ҳам тугадики, ўзбек амалдорлари пора олмай, зўравонлик қилмай, ўғирламасдан, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймай вазифаларини бажариши учун қанча маош олиши керак, деган савол ҳалигача очиқ қолмоқда. Жамиятда бу масалада консенсус шаклланмаган. Назаримда, консенсус шаклланишини энг кўп истамаётган айнан амалдорларнинг ўзларига ўхшайди.
Шу ойнинг бошида Молия вазирлиги Репост нашрининг сўровига жавоб сифатида юқори лавозимли чиновникларининг окладлари миқдорини эълон қилди. Албатта, 1,8 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача бўлган окладларга қараб ўзбек ҳокимлари ва вазирлари шунчагина оларкан бечоралар, деган фикрга бормаслик керак. Бу окладга қўшимча турли устама ва мукофотлар, очиқ ва яширин чап чўнтакларга айланган жамғармалар орқали тўловлар ҳисобига вилоят ҳокимларининг маошлари 15-18 млн.сўмгача, вазирларнинг маошлари 18-20 млн.сўмгача етиб бориши мумкин. Қанчалик рост, билмайман, лекин ёпиқ давраларда айрим самарадор вазирларнинг 40 млн.сўмгача маош олиши айтилади.
Миллиардлаб, триллионлаб маблағлар ҳақида қарорлар қабул қиладиган амалдорлар учун бу рақамлар унча катта кўринмайди албатта. Лекин масаланинг бошқа тарафи бор. Ривожланган мамлакатлар амалдорларидан фарқли ўлароқ, ўзбек амалдорлари социалистик даврлардан қолиб кетган ёзилган ва ёзилмаган кўплаб имтиёзлардан фойдаланадилар.
Булар нима?
Ўзи ва оила аъзолари учун бепул махсус тиббий хизмат. Халқ учун мўлжалланган ва даволамайдиган тиббиётдан фарқли ўлароқ раҳбарлар учун мўлжалланган тиббиёт ва дам олиш хизматлари анча сифатли, бунинг ёнига хорижда бепул даволаниш имкониятиниям қўшса бўлади.
Хизмат уйлари - кўпинча бу уйлар бир муддат ўтиб арзимаган қолдиқ нархларда хусусийлаштириб олинади.
Устама ҳақлари қўлланиладиган махсус пенсиялар.
Бу фақат биз очиқ маълумотлар ва суҳбатлар орқали билганларимиз. Ҳалигача аксар ҳужжатлар ёпиқ протоколлар орқали тасдиқланиши ва махфий грифида қолаётгани ҳисобга олинса, балки яна бошқа имтиёзлар ҳам бордир.
@the_bakiroo