Тадбиркорни битта хато учун дарров жаримага тортиш амалиёти ўзгармоқда
Ўзбекистонда бизнесга нисбатан жарима қўллашда янги ёндашув жорий этиляпти. ПФ-175-сонли фармон билан айрим қоидабузарликларда тадбиркорга аввал хатони тўғрилаш имконияти берилади.
Агар қоидабузарлик биринчи марта содир этилган бўлса ва у инсон ҳаёти, соғлиғи ёки бошқаларнинг мол-мулкига зарар етказмаган бўлса, тадбиркорга 10 кун ичида камчиликни жаримасиз бартараф этиш имконияти берилади.
Яна бир муҳим ўзгариш чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасига тегишли. Маркировка бўйича жаримани чораклик тушумдан фоиз ҳисобида белгилаш ўрнига, қатъий миқдордаги жарималарга ўтиш кўзда тутилмоқда.
Илгари ҳатто битта маркировка коди билан боғлиқ хато ҳам чораклик тушумнинг 2 фоизигача жаримага олиб келиши мумкин эди. Бундан ташқари, молиявий ва маъмурий жарималарни қайта кўриб чиқиб, уларни ўртача икки баравар камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Меҳмонхона, ресторан, кафе ва барлар учун ҳам маркировка тартиби енгиллашади: улар харид қилган сув, салқин ичимликлар, пиво ва тамаки маҳсулотларининг маркировка кодлари якуний истеъмолчига сотилган деб ҳисобланади.
Қисқаси, янги ёндашувда асосий мақсад тадбиркорни биринчи хатосидаёқ катта жарима билан жазолаш эмас, аввало камчиликни тўғрилашга имконият бериш.
Манба
- https://t.me/uzchamber/23946@uzchamber