Камбағалликдан чиқаришнинг кунлик режаси қандай бажарилмоқда?
Тепада — Иқтисодиёт ва молия вазирлигида, Меҳнат вазирлигида ё Марказий банкда бу ҳақда хабардорлар борми ёки йўқ, лекин кимўзарга мусобақалашишаётган ҳокимлар назоратидаги штабларда камбағалликдан чиқаришнинг кунлик (!) режалари тузилган ва тун ё дам олиш куни демай, тўхтамай давом этаётган мажлисларда ижро ҳам кунлик (!) талаб қилинмоқда.
Ўзбек ҳокимларига қолган камбағалчиликни қисқартириш маъмурчилиги худди пахта ва ғалла планини ясашдан ўзгаси эмас (улар бошқача ишлашни биладими ўзи?). Яъни ҳокимларга фақат рақам керак: кеча қанча одам реестрдан чиқарилди, бугун қанча чиқарилади - эртага қанча? Бунинг учун маҳалла еттилиги — ҳоким ёрдамчисидан маҳалла банкиригача, ишнинг энг қора, ифлос ва ноқонуний қисмини бўйнига олиши керак (қарғиш ҳам, сўкиш ҳам, лаънат ҳам шуларга). Камбағалларнинг бўйнига кредит расмийлаштириладими, сохта бандлик ясаладими, асбоб-ускуна ё чорва берилди қилинадими — фарқи йўқ.
Айрим вилоятлар ҳокимлари йил охиригача камбағалликни синф ўлароқ мутлақо тугатишни ваъда қилишганида, ҳамма кулганди. Энди эса кулгули эмас. Улар сохтакорликни уддалашмоқда.
Маҳаллалар уюшмасининг янг раҳбари — биратўла бош вазир ўринбосари балки вазиятга аралашса, эҳтимол, нимадир ўзгариб қолар.