Солиқлар оширилиши, туширилиши ва бюджетга тушумларнинг бунга реакциясини акс эттирувчи Лаффер эгри чизиғини кўпчилик яхши билади. Айтиш жоизки, ўз гипотезасини асослаш учун Лаффер иккиламчи омилларни истисно этган. Масалан, солиқ тўловчиларнинг тўлаётган солиқлари ишлатилаётганидан розилиги омили ўзгармас, деб олинган.
Ростан ҳам Лаффернинг тадқиқот ва кузатишлари ўтказилган Ғарб давлатларида солиқ тўловчилар ва давлат институтлари орасида консенсус ва ишонч юқори даражада.
Энди тасаввур қилинг, солиқ тўловчи солиқ тўласада, эвазига таълим бермайдиган мактабга, сифатсиз боғчага, даволамайдиган медицинага, мустақил равишда ҳақ ҳимоя қилолмайдиган судга рўпара қилинса. Тўлаган солиғига қўшимча равишда хусусий боғча, хусусий мактаб, хориж медицинасига қўшимча маблағ сарфлашга мажбур бўлса. Ҳақи бузилганда уни тиклаш учун бизнесининг чораги, ярмидан воз кечиш эвазига бошқа зўравонлардан ҳимоя топишдан ўзга чораси бўлмаса.
Бундай вазиятда солиқ тўловчи солиқларнинг пасайишидан афзаллик кўрадими, ўз танасида нимадир сезадими?
Тўланаётган солиқлар ва бизнинг солиқларнинг ишлатилиши самарадорлиги ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик сезмаётган солиқ тўловчилар учун солиқ ошди нима, тушди нима.
Дарвоқе, хусусий боғча/мактаблар кўпайгани сари давлат боғча/мактабларининг, хусусий клиникалар кўпайгани сари давлат клиникаларининг аҳволи борган сари абгорлашиб бораётгандек туюлмаяптими сизга? Солиқларимиз қаёққа кетаяпти, деган савол кундан-кун долзарблашмаяптими?