Ижтимоий йўналтирилган деб аталаётган 2021 йил бюджети лойиҳасини ўрганишда давом этамиз.
2021 йилда Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан 6,3 трлн.сўм тушум йиғиш режалаштирилган. Бу 2020 йил мўлжалидан қарийб 18% ёки 1 трлн.сўмга кўп. Таҳмин қилиш мумкинки ё аҳоли даромадлари тикланиши ва ўсишига умид қилинмоқда ёки солиқ тўловчилар қатламини кенгайтиришига умид боғланмоқда.
Даромад солиғининг бир шкалали тизимга ўтказилиши балки тан олишмас, кутилган натижани бергани йўқ ва энг ёмони ижтимоий адолатсизликни янада кучайтирди.
Тасаввур қилинг, 1,5 млн.сўм маош олаётган ёлланма ишчи 12% даромад солиғи тўлайди, 30 миллион сўм маош олаётган ҳам 12% даромад солиғи тўлайди, 15 миллиард сўм дивиденд олаётган буржуй ёки ўғри олигарх эса 5% дивиденд солиғи тўлайди. Бундай ёндашув ижтимоий тенгсизлик кучайишини янада авжлантирмоқда.
Дарвоқе, янги давр келгандан буён иқтидордагиларнинг оғзидан ижтимоий тенгсизлик ва унинг ёвуз оқибатлари ҳақида бирон калима ёки тезис янграгани йўқ. Қашшоқ ва ўртаҳоллар қашшоқлашишда, бир ҳовуч олигарх ўғрилар эса бойишда давом этмоқда.
Солиқчилик ва бюджет мундарижасини минбарларда айтилаётганидек ростанам ижтимоийлаштириш керак. Бунинг учун кам даромадлидан юқори фоизда солиқлар ушлаш ва кейин садақа тарқатгандек, Маҳалла орқали ижтимоий ёрдам кўрсатилаётгандек қайта тақсимлаш кўзбўямачилигидан воз кечиш зарур. Кам даромадли Солиқ тўловчиларга ижтимоий ёрдам кўрсатишдан улардан камроқ солиқ ушлаш каррасига самарали.
Шу контекстда даромад солиғини 2 шкаладан иборат табақалашган солиққа тортишга ўтиш лозим, масалан 1% ва 12%. Шунда қуйи, паст даромадга эга миллионлаб ёлланма ишчиларни легаллашишига ва даромадларини ўзида қолишига шароит яралади. Буржуйлар учун эса дивиденд солиғини камида 20%гача ошириш лозим. Бунда Фойда солиғи Дивиденд солиғи билан бирлаштирилади ва дивиденд солиғи фақат дивиденд ҳисоблангандагина тўланади. Фойда солиғи маъмурчилиги эса каррасига арзонлашади.
@the_bakiroo