ХВЖнинг даромад солиғини табақалаштириш таклифига асло ва асло рози бўлмаслик керак
Халқаро валюта жамғармаси солиқ базасини кенгайтириш ва солиқ тушумларининг ЯИМга нисбати пасайиши тенденциясини тўхтатиш мақсадида
жисмоний шахсларнинг даромади солиғи бўйича амалдаги 12 фоизли текис ставкадан ошиб борувчи табақаланган шкалага ўтишни таклиф қилмоқда.
Бу жуда ёмон ва қанчалик ғалати эшитилмасин, антиижтимоий таклиф. Қизиғи, ўзбек расмийлари бир йил аввал шимолдаги босқинчи моховлардан андоза олиб шундай ишораларнинг учини чиқаришганди. Энди бу таклифлар гўёки ХВЖ экспертлари оғзидан бирга бир янграмоқда.
Хўп, нима учун бу ёмон ва антиижтимоий таклиф?
Биринчидан, охирги йилларда даромад солиғидан тушумлар улушда ҳам, суммада ҳам тезроқ ўсмоқда, биринчи чоракда ҳам бу тенденция давом этган. Яъни меҳнат бозори оқаришдан, даромад солиғи тўловчилар сони ўсишдан тўхтагани йўқ, буни расмийлар ҳам парламентдаги охирги чиқишида тан олган. Ўсиб борувчи шкалага ўтиш солиқ тушумларини бир марталик ўстириши мумкин, лекин меҳнат бозорининг оқариши тақа-тақ тўхтайди, яна оммавий конвертга қайтиш бошланади.
Иккинчидан, юқори даромад эгалари, яъни бойлар Ўзбекистон шароитида даромадларини корпоратив харажатлар орқали ёки дивиденд орқали чиқариб олишади, асло иш ҳақи орқали эмас. Шунинг учун, ижтимоий адолат ҳақида гап кетса, дивиденд солиғини ошириш (даромад солиғи ставкасигача) ёки шахсий истеъмолга кетаётган корпоратив харажатларни солиқ базасига киритишни илгари суриш лозим. Ўзи нима учун меҳнаткаш даромадидан 12%, буржуй эса дивидендидан 5% (ундаям мингта имтиёз) солиқ тўлаши керак? Шуми ижтимоий адолат?
Учинчидан, агар даромад солиғи ставкалари оширилса ва прогрессив шкалага ўтилса, тинимсиз ўсаётган қарзларни тўлаш юкини халқ бўйнига солиқларни ошириш кўринишида (тарифлар кўринишида илиниши аллақачон бошланган) илиниши тезиси амалда тасдиқланади. Бу яна тийиқсиз ошаётган қарзлар ва уларнинг самарасизлиги масаласини кўндаланг қўяди.
Ва тўртинчидан, ижтимоий сиёсатни кучайтириш учун солиқ тушумларини кўпайтириш керакми? Албатта керак. Лекин меҳнаткашлар ҳисобидан эмас. Яширин ва ноқонуний имтиёзларни қўлга киритган, умуман бож тўламаган, шунинг ҳисобидан охирги 8 йилда доллардаги миллиардерларга айланган шоввозлар ниҳоят солиққа тортилиши керак. Қани ўзбек газ ва нефть конларини эгаллаб олганлар, каррасига солиқ ставкаси пасайтирилганлар? Шуларни чўнтагини бўғиш пайти келмадими? Қани божсиз мошин олиб кириб сотаётганлар? Шулардан ҳисоб сўраш керакмасми? Ё улар яп-янги джетларда учсин, саройларда яшасин, қора халқ улар учун солиқ тўласинми?
Кечириб қўясиз. 2 йил аввалги сизники, бизники дейилган янги ижтимоий шартномада бизга бунақа банд кўрсатилмаган.
- https://www.imf.org/en/Publications/CR/Issues/2025/06/23/Republic-of-Uzbekistan-2025-Article-IV-Consultation-Press-Release-and-Staff-Report-567977imf.org
- https://t.me/the_bakiroo/8183@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10212@the_bakiroo
- https://t.me/davletovuz/23063@davletovuz
- https://t.me/the_bakiroo/10022@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7279@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/8527@the_bakiroo