Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис
Қирғизистон ташқи қарзларини табиий ресурслари эвазига сўндириши мумкин, деб айтмоқда давлат тўнтариши ортидан ҳокимиятга келган, бандит ўтмишга эга ва нолегитим президент в.б. Садир Жапаров.
"Ташқи қарзни қайтариш борасида бир ҳафта аввал топшириқ бердим. Масаланинг ечими бор. Биз қарзларни ўзимизнинг ресурсларимиз билан қайтаришимиз мумкин, бунинг учун музокаралар керак бўлади. Айрим вариантларни олдиндан белгилаб олдик. Ўзимизнинг кучимиз билан қарзни қайтариш йўллари бор экан. Масалан, Хитойга. Қолган қарзларни қайтариш учун ўзимизнинг табиий ресурсларимизни ишлатишимиз мумкин".
8,5 млрд. долларлик ЯИМга эга Қирғизистоннинг 5 млрд.долларга яқин ташқи қарзи бор. Бу йил ЯИМ қисқариши шароитида Қирғизистон ташқи қарзи ЯИМнинг 60%ига етган ва мамлакат ташқи қарзга хизмат кўрсатишда жуда катта муаммоларга дуч келмоқда.
Ҳукумат ташқи қарзни сўндириш учун мигрантлар ва бизнесменлардан пул йиғиш мақсадида махсус ҳисобварақ ҳам очмоқчи.
Қирғизистон кейинги йилларда фаол тарзда ташқи қарз жалб қилган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Лекин жалб қилинган ташқи қарзлар юқори даражада коррупция сабабли иқтисодиётга йўналтирилмаган, асосан мамлакатдан турли йўллар билан олиб чиқиб кетилган. Оқибатлари бугун қирғизистонликлар ўз таналарида ҳис этмоқдалар.
Қирғизистон кейси халқаро меъёрларга кўра хавфсиз, дея айтиладиган ЯИМнинг 60%и даражасидаги ташқи қарз коррупция ўчоғига ботган, жалб этилган қарзлар ўғирланадиган ва четга олиб чиқиб кетиладиган, тийиб турувчи сиёсий институтлар мавжуд бўлмаган мамлакатлар учун катастрофа эканини яна бир бор кўрсатади. Бундай мамлакатлар охир-оқибатда суверенитети ва табиий бойликларини топширибгина қарздан қутулиши мумкин ва лекин ташқи бошқарув асоратларига маҳкум бўладилар.
Маълумот учун, ташқи қарзлари космик тезликда ўсиб бораётган, доллардаги номиналда ЯИМи қисқариб бораётганган Ўзбекистонда ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатини қонун билан 60% даражасида белгилашмоқчи. 2020 йил бошида бу кўрсаткич 36% бўлган.
@the_bakiroo