Ташқарида kanalidan
Қорабоғ урушида ким ғолиб?
Тоғли Қорабоғ можаросида 1990-йиллардан кейинги энг катта уруш бир ойдан ошиқ давом этиб, ҳар тарафдан 1000дан ортиқ аскарлар умрига зомин бўлиб, ниҳоят тугаш арафасида турибди.
Мавзу бўйича: Қорабоғ, миллий ғояга айланган уруш
Уруш натижасида Озарбайжон Қорабоғ атрофидаги 7 та туманини - 25-30 йил олдин йўқотган ерларини озод қилди, Қорабоғнинг пойтахти Степанакертдан кейинги энг муҳим шаҳри бўлган Шушани қайтариб олди. Баку назоратига ўтмаган фақатгина Қорабоғнинг марказий қисми қолди.
Россия воситачилигида эришилгани айтилаётган келишувга кўра Озарбайжон ўз назоратини тиклаган ҳудудларини сақлаб қолади. Қорабоғнинг қолган қисмида Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилади, шунингдек улар Қорабоғдан Арманистонга ҳамда Озарбайжондан Нахичеван эксклавига борадиган йўлакларни ҳам назорат қилади.
Бир қараганда бу келишув Озарбайжон учун катта ютуқ ва йўқотилган ҳудудлари устидан назоратни тиклаганини англатиши мумкин. Бироқ бу ердаги асосий жиҳат - можарога расман учинчи томон - Россия қўшилаётгани. Москва ҳаттоки иккинчи томон сифатида Арманистонни алмаштириш ҳам мумкин, зеро Қорабоғда айнан рус ҳарбийлари қўним топади.
Қорабоғ тақдири ҳам Молдавиядаги Днестрбўйи ҳудудига ўхшаб қолди - айнан рус ҳарбийлари борлиги учун Молдавия 30 йилдирки бутун бўлолмайди. Ҳам масофа, ҳам вақт жиҳатидан яқинроқ мисол - Грузиядан "тинчликпарварлар" томонидан тортиб олинган Жанубий Осетия ва Абхазия.
Илҳом Алиевнинг келишувда Қорабоғ статуси ҳақида ҳеч қандай сўз йўқлиги ва энди музокараларда Баку таклиф қилиб келаётган автономия ҳам бўлмаслиги ҳақидаги гапларига қарамай, ҳозир қўлга киритилмаган ҳудудлар де-факто Россия назоратига ўтмоқда ва Озарбайжонга (ва балки Арманистонга ҳам) қайтмаслиги эҳтимоли юқори.
Зеро, рус "тинчликпарвар кучлари" кирган можароларнинг бирортаси шу пайтгача ечилмаган, фақатгина Молдавия, Украина ҳамда Грузиянинг яхлитлигига путур етган. Хуллас, Озарбайжон ўз ҳудудларининг катта қисмини қайтаргани учун ғалаба ҳиссини туймоқда, бироқ асл ғолиб - ўзига маъқул вақтда пайдо бўлиб, ўз шартларини ўтказган Россия бўлганга ўхшаяпти.
@tashqaridaUZ
- https://telegra.ph/file/ffb1f3ccdb74966d963ff.jpgtelegra.ph
- https://t.me/tashqaridaUZ/279@tashqaridaUZ