Ташқарида kanalidan
Қорабоғ: миллий ғояга айланган уруш
Қорабоғ можаросининг энг аянчли томонларидан бири - бу шубҳасиз арман ва озарбайжон халқларининг бир-биридан нафратланувчи душманларга айланиб қолганидир. Минглаб йил бир жойда ёнма-ён яшаб келган икки халқ нега бундай низолашиб қолди?
Бунинг сабаблари ҳақида гапирганда ушбу можаронинг минтақадан узоқ бўлмаган яна иккита можарога ўхшашлигини эсга олиш зарур. Биринчиси - геосиёсий жиҳатдан Қорабоғ Кашмир можаросига ўхшаш: собиқ мустамлакачи томонидан пайдо қилинган ва рағбатлантирилган, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар доимий деструктивлашувига сабаб бўлган.
Иккинчиси - бу Тожикистондаги фуқаролик уруши хусусиятларини ўзида жамлаган: Тожикистонда можаронинг иккала томони бир-бирини шунчалик демонизация қилган эдики, улар ҳатто қарши томонни одам сифатида ҳам кўрмай қўйганди. Шу сабабли ҳам музокарални бошлашдаги энг қийин иш иккала томонни бир жойга олиб келиш бўлгани айтилади.
Ҳозир Озарбайжонда ва Арманистонда 30 йилдан буён бир-биридан нафратланиб келган, бир-бирини кўрарга кўзи йўқ авлодлар шаклланган. Ўзаро тинчликда яшашганини эслай оладиган авлод эса қариб ва камайиб бормоқда.
Июль ойида ва ҳозир мобилизация учун чақириқ халқдан чиққани ва шу пайтгача энг кичик балосида ҳам қўшнисини айблашдан тонмаган иккала давлат ўзлари сингдирган мафкура орқали бошлаб берган ушбу тенденцияни назорат қилолмай қолгани бунинг мантиқий давомидир.
Қорабоғ учун уруш иккала мамлакатнинг ҳам миллий ғоясига айланиб кетган. СССР даврида арман национализми айнан шу ғоя негизида ривожланган ва Қорабоққа қўшиб Озарбайжоннинг 7 та туманини ҳам босиб олишга журъат қилишга олиб келган эди. Бу ғалаба ва "тарихий адолат тикланиши" мафкураси ҳам халқ, ҳам элита онгига шу даражада сингганки, ҳакттоки икки йил олдин ҳаммани ҳайрон қолдирган Пашинян ҳам ундан воз кечмайди.
Озарбайжонда эса халқаро ҳуқуқ ўз томонида бўлишига қарамай элита доимий равишда Қорабоғни ва 7 та туманини куч билан қайтаришини айтиб келиши оқибатида халқ исталган вақтда урушга отланишга тайёр ҳолга келиб қолган.
Парадокс шундаки, Арманистон ва Озарбайжон МДҲ мамлакатлари орасида ўзининг ҳақиқий, ишлайдиган миллий ғоясига эга камсонли (балки ягона) давлатларига айланган. Бироқ бу ғояларнинг асоси уруш эканлигига қаралса, ҳозирги даврда, бу қадар кичик мамлакатлар учун уруш муваффақиятли ғоя бўлолмаслигини тушуниш мумкин.
Бу борада албатта давлатларнинг бирида "нимадир бўлса мен шу ердаман, қўрқма" деб турган, иккинчисининг эса энг йирик қурол сотувчиси бўлган собиқ мустамлакачи, "медиатор" Россиянинг ролини кўрмаслик мумкин эмас.
Идеал ҳолатда муаммо ечилиши учун ўз атрофида можаролар ҳалқасини маъқул кўрувчи давлат воситачилигидан бутунлай воз кечиб, бош ғояси ўзи ва атрофида тинчлик ва фаровонлик макони бўлган Европа Иттифоқига юзланиш энг тўғри йўл бўларди.
Бироқ ҳозир идеал ҳолат эмас - Россиянинг ҳозирги ҳукумати қўйиб юбориш фикридан йироқ, уруш ғоя сифатида ҳар иккала халқ онгидан чуқур жой олган ва энг асосийси айни пайтда уруш реалликка айланган. Аввалгилари каби ҳозиргиси ҳам тез тугаши эҳтимоли юқори бўлса-да, иккала халқ аввалгидай ёнма-ён яшаб кета олиши учун ғоявий йўналишларини ўзгартиришлари зарур бўлади.
@tashqaridaUZ
- https://telegra.ph/file/eae8d0fa2940ddeada188.jpgtelegra.ph
- https://t.me/the_bakiroo/1404@the_bakiroo