Рўёлар асфальт тугаган маконгача давом этиши ҳақида
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Vlll қурултойида қатнашаётган Бош вазир тадбирдан чиқиб, масалан, чап тарафга томон 100 метр қадам босдими ёки йўқ билмайман.
Лекин мен эринмай қадамлаб ва чамалаб чиқдим, Федерация биносидан тахминан 100 метрлардан кейиноқ янги асфальт тугайди.
Кўрганимдан унчалар хафа бўлганим йўқ. Чунки бу нормага айланиб бўлган ва бундан бадтар кўзбўямачиликларни ҳам ҳар куни бўлмасаям, тез-тез гувоҳи бўлиш мумкин.
2020 йил май ойида Андижон вилоятига ташриф учун бориладиган режадаги объектлар орасида шоир Муҳаммад Юсуф ўқиган 25- мактаб ҳам бўлган. Мактабни ойлар давомида бунга тайёрлашган, мардикорга айланган ўқитувчилар гулларни қайта-қайта экишган, дарахтларни, деворларни қайта-қайта бўяшган. Ташрифга бир кун қолганида асфальт ҳам босилган. Чунки ҳамма ёлғончи ва кўзбўямачи ўзбек чиновниклари биладики, асфальт босиш охирги белги.
Қисқаси, ўша ташриф доирасида бориладиган мактаб кўчасига ҳам асфальт босилган. Лекин асфальт мактабдан кейин 25 метр ўтиб тугаган (қизиқувчилар ҳалиям бориб кўришлари мумкин). Тумандаги илк объектдан кейиноқ Раҳбарнинг кўнгли тўлмаганми ёки бошқа сабабми, ҳартугул мактабга борилмаган.
@the_bakiroo