Новвой жарроҳлик қилса, жаллодга айланади
Иқтисодий тафаккурдан четдагилар иқтисодий қарорлар қабул қилмаслиги керак.
“Ўрта корхоналарни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳасига Савдо Саноат Палатасининг А. Икрамов имзолаган тушунтириш хати алоҳида эътибор қаратишга арзийди.
Биринчи кўзга ташланадиган нарса - гарчи гап Қарор ҳақида кетаётган бўлса ҳам, бошдан оёқ Қонун лойиҳаси дея изоҳ берилган.
Энг қизиғи эса охирги бандда ёзилган: лойиҳани қабул қилиш давлат бюджетидан қўшимча молиявий харажатларни келтириб чиқармайди.
Энди қарор лойиҳасига қайтамиз:
1) хорижий мамлакатлардан жалб этиладиган мутахассислар учун қилинадиган барча харажатларнинг 50 фоизи, шунингдек корхона ходимларини қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ харажатлар тўлиқ Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
2) давлат мулки объектларидан фойдаланиш бўйича белгиланган ижара ҳақи суммаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси ва Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказига йўналтириладиган қисмига тенг миқдорда камайтирилади.
3) экспорт қилишда автомобил, темир йўл ва ҳаво транспорти билан боғлиқ харажатларнинг 75 фоизигача миқдори Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсация қилинади.
3) корпоратив облигацияларни жойлаштириш орқали жалб қилинган маблағлар фойда солиғини ҳисоблаш базасига киритилмайди.
4) етакчи хорижий мамлакатларда қисқа муддатли илмий стажировкалари билан боғлиқ барча харажатларнинг 50 фоизи Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
5) темир дафтар”га киритилган ёшлар ва хотин қизларни ишга қабул қилганда дастлабки 12 ой давомида уларнинг иш ҳақи фондига нисбатан ҳисобланадиган ижтимоий солиқ суммасига тенг миқдорда субсидия ажратилади.
6) ишлаб чиқарилган маҳсулотларга миллий ва халқаро (мувофиқлик) сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган барча харажатларга тенг миқдорда субсидия ажратилади.
Қора ҳарфлар билан ажратилган бандларда компенсация тўлайдиган, қоплаб бериши кўрсатилган жамғармалар барчаси бюджетдан трансферт, яъни маблағ олади. Субсидиялар бюджетдан қопланади. Фойда солиғи базасининг қисқартирилиши бюджет даромадларини камайтиради. Мен бу ишларнинг маъмурчилиги ҳам бюджет харажатларини оширишини ҳали санамаяпман.
Адҳам Илҳамович эса ўзининг тушунтириш хатида лойиҳани қабул қилиш давлат бюджетидан қўшимча молиявий харажатларни келтириб чиқармайди, дея имзо қўймоқда.
Ҳурматли Адҳам Илҳамович айтишларича, қисқа муддат яхшигина жарроҳ бўлган, тиббиёт менежментида узоқ йиллар ишлаган. Лекин назаримда жарроҳ жарроҳлигини қилгани яхши. Новвой эса новвойлигини.
Чунки новвой жарроҳлик қилса, жаллодга айланади.
@the_bakiroo