Бизнес учун жуда яхши сигнал
Тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича фоизларни қоплаб бериш кўламини кенгайтириш бўйича таклиф, шубҳасиз, бизнес вакилларини жуда қувонтиради. Бу борадаги айрим мулоҳазалар.
Биринчидан, энди юқори фоизли кредитлар ҳисобига молиялаширилган лойиҳалар бўйича ҳам компенсация олиш мумкин. Ҳозирда бизнесга ажратилаётган кредитларнинг ставкалари 20-25% коридорида, демак компенсация механизми миллий валютада ажратилаётган деярли барча кредитларни қамраб олиши мумкин. Рискини оширмаслик ниятида бўлган банклар ҳам фоизларни шу коридорда ушлашга ҳаракат қилади.
Иккинчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш давлат жамғармаси компенсацияларни қоплаш асосан бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 2021 йил бюджетида бу мақсадларга фақат 200 млрд.сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Ўтган йилдан қолган қолдиқ ҳисобига Жамғарманинг харажатлари 814 млрд.сўмни ташкил этиши керак. Кечаги қарор бу харажатларни каррасига оширади.
Учинчидан, биз биламиз давлатнинг пули йўқ, солиқ тўловчиларнинг пули бор. Бошқача айтганда, Жамғарма солиқ тўловчиларнинг пули ҳисобига тадбиркорларнинг кредитлари фоизларини қоплаб беради. Ўзбекистон фақат кредит олган тадбиркорлардан иборат эмас. Бошқа солиқ тўловчиларнинг манфаатлари ҳам бор. Шу маънода Жамғарманинг даромадлари, харажатлари, тўлаб берган компенсациялари, тақдим этган кафолатлари, сўндирган кафолатлари тўғрисидаги ахборотлар очиқ ва шаффоф ҳолда солиқ тўловчиларга тақдим этиб борилиши керак. Жамғарма фаолияти йўлга қўйилганидан буён бирон марта бу ишга қўл урилмаган.
Тўртинчидан ва асосийси, компенсация кўламининг кенгайиши кредитлашнинг фаоллашишига, авж олишига олиб келмайди назаримизда. Аввало, компенсациялаш чегараси миллий валютадаги кредитлар учун кенгаймоқда, хорижий валютадаги кредитлар учун эмас, бу яхши, чунки долларлашувни оширмайди. Кейин истаймизми, йўқми, тижорат банкларининг кредитлаш имкониятлари барибир чекланган, таргетга кўра, бу йил кредит қўйилмаларининг ўсиши 20-22%дан ошмайди. Яъни чекланган имкониятлар чизиғи мавжудлигида молиялаштириш ва компенсациялаш юз беради.
@the_bankiroff