8K61Telegramda ochish
Бугун шанба, ой охирламоқда. Демак жуда кўп банкларнинг жуда кўп филиалларининг жуда кўп ходимлари, лавозим вазифаларидан қатъий назар, Дамасларга ўтириб "просрочка" ундиргани маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юргани чиқишади. Муаммоли кредитларни ундиришнинг ажойиб ўзбекча усули, чунки вазифа - просрочка ноль бўлиши керак. Просрочканинг ундирилиши қанчага тушиши ва тушаётгани мутлақо аҳамиятсиз - 400 минг сўм моддий харажат ва 1 кунлик вақт сарфлаб, айтайлик 5та қарздордан 3 млн.ундирилгани нисбий қийматини ҳеч ким ҳисобламайди. Бу худди ноябргача ҳаммани пахтага ҳайдаб пахта планини любой ценой тўлдиртириш сингари. 2017 йилдан бошлаб ҳисоблаганда жисмоний шахс қарздорлар сони ҳар йили камида 2 баробар кўпаймоқда. Чакана бозорнинг эгалланмаган сегментлари ҳали кўплиги инобатга олинса бу юқори суръат яна 2-3 йил сақланади. Бу муаммоли чакана кредитлар билан ишлашнинг амалдаги усуллари давр талабларига ортиқ умуман жавоб бермайди дегани. Нима қилмоқ керак? Биринчидан чакана кредитларни бошқа кредитлардан кўра қатъийроқ, юқори даражада захиралар ташкил этишни назарда тутувчи таснифлаш қоидаларини жорий этиш лозим. Банкирлар тилида айтганда чакана кредит бўйича муаммо туғилганда у бўйича ишлагандан захира тузган афзалроқ. Иккинчидан, Ўзбекистонда коллекторлар тизимини жорий этиш вақти етиб келган аллақачон. Коллекторлик тўғрисидаги қонун ўзи 2008 йилдаёқ ишлаб чиқилган, лекин сиёсий-ижтимоий сабаблар туфайли четда чанг босиб ётибди. Ёмон кредитлар банк балансида сақланмаслиги керак, ёмон кредитлар неча тийинга кетса коллекторларга - молиявий санитарларга сотилиши лозим. Бу банкларни касалланишдан ҳам, чакана кредитларни доимий қимматлашиб боришидан ҳам асрайди. Ва албатта банкларни рискларни доимий ва тўғри баҳолаб боришга ундайди. Энг асосийси, учинчидан банклар технологиялар ривожидан ортда қолмаслиги зарур. Алмисоқдан қолган усуллар билан бугун ўнминглаб муаммоли кредитлар билан ишлаб бўлмайди. Ёмон қарздорларнинг картинаси, мундарижаси, ижтимоий, минтақавий, ёш вҳк ҳолати базаси яратилмаган. Технологияларни ўзлаштирмаган банк ё чакана сегментдан кетиши керак ёки йўқ бўлиб кетишини, фақат тарихда қолишини ўз бўйнига олиши лозим. Қайд этилганлар мутлақо шахсий мулоҳазалар эканини ҳам айтиб ўтиш жоиз. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin