Нега Солиқ қўмитаси, Транспорт вазирлиги тизими ва маҳаллий ҳокимиятлар таксистлар легаллаштирилишига қарши?
Қайсики идора тақиқ ва чекловлардан паразитларча озиқланса ва бошдан-оёқ тизимнинг ноқонуний даромадлари шу тақиқлар устига қурилган бўлса, ўша тизим тақиқ ва чекловлар бекор бўлишига охиригача қарши туради. Мантиқсиз, кулгули, бебурд баҳоналар, тутуруқсиз оқибатлар ўйлаб топилади.
Эсингиздами, конвертация очилишига қарши турганлар? Доллар 15-20 мингга чиқиб кетади, ҳеч кимга доллар етказиб бўлмайди, деб авомни қўрқитганлар?
Ёдингиздадур, прописка очилса Тошкентни вилоятликлар босиб етади, жиноятлардан тошкентликлар кўчага чиқа олмай қолади, квартиралар нархи Москвадагидек бўп кетади, деб айюханнос солганлар? Қани ўша пойтахт пропискасини даромад орттириш манбаига айлантирган ўғрилар ва уларнинг манфаатлари учун эртак тўқиган экспертлар ва маслаҳатчилар?
Ҳали унутмагандирсиз, ОВИР бекор қилинса ё четга чиқиш енгиллаштирилса, ўзбекистонликлар ёппасига четга чиқиб кетади, уларни назорат қилиб бўлмай қолади, террорчи ва ақидапарастлар кўпаяди, деган қўрқитувларни.
Таксистларни легаллаштириш аҳолини хавфсизлигини таъминлашда муаммо яратади деб чинқираётганлар, бебурд баҳоналарни қалаштираётганлар, президент топшириғини хаспўшлаб ётганлар айни шу тоифадан.
Юзминглаб таксистлар легаллашса, бюджет ҳам ютади, шаҳар ва шаҳарлараро қатнов ҳам мувозанатлашади, таксистлар "қуш ҳуқуқи" жонсараклигидан қутулиб, ўзининг ҳақларига эга бўлади, янги ва янги хизмат кўрсатиш агрегатлари ва платформалари пайдо бўлади. Энг асосийси, пировардида истеъмолчилар ютади.
Унда ким ютқазади? Ютқазадиганлар таксистларни соғишни касб қилган "айрим" солиқчилар ва уларнинг тепагача уланиб кетган бузуқ тизими, таксистларнинг қонундан ташқаридалигини доимий босим ва зўравонлик воситасига айлантирган "дарётрансдаги айрим паразитлар" ва албатта ҳудудида ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган ва ҳақини талаб қиладиган минглаб фуқарорлар тоифаси пайдо бўлишини истамайдиган маҳаллий ҳокимиятлар.
Бу бузуқлик ва паразитликни воситага айлантирганлар таксистларнинг легаллашмаслиги, қалпоқ остида, ноқонуний мақомда қолишлари учун охиригача курашади. Чунки гап уларнинг чўнтагига ҳар куни кириб бораётган миллиардлар ҳақида кетмоқда.
@the_bakiroo