Хабарингиз бор, Телеграмм каналимиз орқали “4 кундан кейин чегараларда яна бир бардакни кутинг: Махсус комиссиянинг феълан пул ўзлаштириш мақсадини кўзлаган навбатдаги қарори” мавзусида материал эълон қилган эдик.
Бугун “UzReport” телеканалида жонли эфирда узатилган Халқаро пресс клубда Коронавирусга қарши кураш бўйича Махсус комиссиянинг мутасадди ва масъулларини фикр-мулоҳазаларини эшитиб, ушбу масалага янада чуқурроқ ёндашган ҳолда илгари билдирган айрим фикрларимни қайтадан кўриб чиқишга ундади.
Тан олиш керакки, ушбу масалага чуқурроқ кирганимдан кейин бизнинг каналда чиққан материал дунёдаги ва Ўзбекистондаги вазият, ушбу қарорни қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатларни пухта таҳлил қилмаган ва бир томонлама ёндашган ҳолда тайёрланганлиги маълум бўлди.
Масалага чуқурроқ кириб қарайдиган бўлсак, коронавирус хавфи ҳали ҳам чекинмаганлиги, сўнгги икки ҳафта ичида жаҳонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ ҳолат жиддий тус олиб, бир қатор давлатларда коронавируснинг янги тури пайдо бўлганлиги ва Европада коронавируснинг учинчи тўлқини хавфи туғилганлигига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бу эса, чегараларимизда ҳушёрликни янада оширишни
ва халқимизни ушбу балодан ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриб боришни талаб қилади. Чунки, ўрганишлар коронавирусга тест топширган вақтда шахсда ушбу инфекция бўла туриб тест натижаси манфий чиқиш ҳолатлари кўплаб аниқланаётганлигини кўрсатмоқда.
Бунинг асосий сабабларидан бири эса, давлатимизга кириб келаётганлар томонидан манфий ПЦР тести натижасини сохталаштириш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.
Шу сабабли Ўзбекистонга кираётган шахсдан қўшимча равишда экспресс тест олиш орқали коронавирус инфекцияси йўқлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин бўлади.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳозир мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлашиб, коронавирус инфекциясининг ички “ўчоқлари” деярли бартараф этилган. Эндиликда мамлакатимиздаги барқарор эпидемиологик вазият учун асосий жиддий хавф бу – ташқи манбалар.
Шу боис ҳам мамлакатимизда эпидемиологик барқарорликни ва шу орқали аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар учун карантин талабларни кучайтириш ҳақиқаттан ҳам энг тўғри йўл бўлиб қолмоқда.
Бусиз эпидемиологик вазият яна беқарорлашиши, карантин чекловлари кучайтирилиши ва аҳоли учун яна ноқулайликлар келиб чиқиши турган гап.
Юқоридагилар олдинги эълон қилган постимдаги Махсус комиссия қарори бўйича пайдо бўлган шубҳаларим асоссиз эканлигини кўрсатди. Махсус комиссиянинг қарори ман ўйлагандек, пул ёки коррупцион мақсадларни кўзлаб эмас, аслида аҳоли саломатлиги ва давлатимизда эпидемиологик барқарорликни ушлаб туриш мақсадини кўзлаганлигини тушуниб етдим.