Бедор бўлсангиз, эътибор қаратишингизни сўрайман
Беҳзод Ҳошимов Демократия ва Иқтисодий ўсиш, Эркинлик ва Тараққиёт ўлчовларида боғланма бор ёки йўқлиги борасида турли иқтисодий мактабларнинг замонавий қарашларига назар ташлаган.
"Демократиялашув секин, аммо аниқ ўсишга олиб келади, авторитаризм эса лотереяда «омад кулиб», ҳукумат компетент автократ томонидан бошқарилса, тез ўсишга ёки «омад кулмаса» узоқ йиллик қашшоқлик ва эркинликнинг йўқлигига (бу, албатта, тез-тез содир бўлади) олиб келади".
"Автократияда ҳаёт лотерея ўйинига ўхшайди: агар ҳукмдор билан омад «чопса», жуда тез ўсиш мумкин, агар омад «чопмаса», унда вайронагарчилик ва очлик кўп йилларга кафолатланади. Албатта, муваффақиятли автократия мисоллари жуда кўп, аммо муваффақиятсиз автократик давлатлар мисоллари бунданда кўпроқ".
"Ҳар бир Ли Куан Юга ўнтадан Мугабе тўғри келади".
"Даромадларнинг 20 фоизга ўсиши муваффақиятли демократиялашувдан 25 йил ўтгач пайдо бўлиши кўрсатиб ўтилган. Бу, агар Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг дарҳол демократлашганида, биз ҳозирги кунга қараганда 20 фоизга бойроқ бўлишимиз мумкинлигини англатади".
"Шунинг учун, агар биз демократиялашув жараёнини ҳозирдан бошласак, бизнинг даромадимиз 25 йилдан сўнг кўпаяди. Албатта, 25 йил — бу узоқ муддат, аммо ҳозир бошланмаса, бу муддат барибир қисқармайди. Муваффақиятли демократиялашув ҳолатида бу йил туғилган болалар чорак асрдан кейин анча обод ва энг муҳими, эркин мамлакатда яшашлари мумкин. Менимча, бу жуда эзгу мақсад".