Ёпишмаган изоҳлар
Ёзилишича, Адлия вазирлиги масъул ходими хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматларнинг давлат харидларидаги иштирокини чеклашни назарда тутадиган «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорини оқлаб изоҳ берган.
Зарарли протекционизм ва фаворитизмни оқлаб бериш вазифасини Адлия вазирлиги ходими бажариб бераётганидан асло ажабланмаслик керак. Келаси сафар масалан, Энергетика вазирлиги Конституцияга киритилаётган ўзгаришларни асослаб бериши ҳам мумкин. Асосий муаммо бунда эмас.
Асосий муаммо изоҳларга қўлланилган далилларда.
Танишинг:
"Ички бозор ва маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиш тенденцияси бошқа давлатларда ҳам амалга оширилган. Хусусан, Россия давлат харидларида 170 дан ортиқ товарлар ва хизматлар импортини тақиқлаган". Ички бозорни ҳимоялаш ниқоби учун Россия мисол кўрсатилаётганига эътибор қаратинг. Бутун дунё зарарли ва қолоқ Россия амалиётидан қочаётган, узоқроқ бўлишга ҳаракат қилаётган вақтда биз уларнинг бағрига кириб бормоқдамиз. Бунисигаям кўз юмайлик, Россия-ку 170та товар хизмат чеклабди, биз уч баробардан ортиқ - 529 товар ва хизматни чекладик.
"2019 йилда республикада 55 мингта корхона ташкил этилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 96 минг 743 тани ташкил қилган. Демак, янги ишлаб чиқариш қуввати икки баробар ошган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сонининг ортиши аҳоли бандлигини таъминлаш, солиқ тушумларининг ҳам кўпайишига замин яратади". Аввало, ташкил этилган корхона сони ишлаб чиқариш ё хизмат кўрсатиш ҳажми ортганини англатмайди. Йилига ўнминглаб корхона пайдо бўлиб, ўнминглаб корхона ёпилади. Қанақа ишлаб чиқариш қуввати икки баробар ортгани ҳақида гапирилаяпти? 2020 йилда жон бошига ЯИМ деярли ўсмаганини кимдир эслар балки. Қолаверса, янги корхоналарни бозорда эркин рақобат тоблайди, ёпиқ эшиклар, преференция ё иссиқхона имтиёзлари эмас.
"Тақиқ ва чеклов фақат давлат харидлари доирасида мавжуд, хусусий тадбиркорлар ёки фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун исталган товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкин". Ҳеч ким бизнес ёки фуқаролар эҳтиёжлари учун товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкин эмас деяётгани йўқ. Преференциялар орқали жуда катта миқдордаги маблағларни давлат харидлари орқали ўзини маҳаллий ишлаб чиқарувчи дея ёрлиқ билан атаб олган тор доиранинг ўзлаштириши энг асосий эътироз. Давлат харидлари мамлакатдаги энг катта талаб ҳосил қиладиган платформа. Шу платформани чекловлар киритиш орқали бўлиб олингани ҳақида гап. Қолаверса аслида импортни чеклашга қаратилган бу тадбир импортни оширса-оширадики, асло камайтирмайди. Чунки ўзини маҳаллий ишлаб чиқарувчи деб атаб олганлар аслида ниқобланган импортерлардир.