Мана унга икки сўм, тўла менга беш сўм!
Ички туризмни ривожлантириш учун мамлакатдаги йирик шаҳарлар ўртасида авиа ва темир йўл қатнови тикланаркан, деб хурсанд бўлиб Фармонни ўқидим.
Хурсандчилигим 5- бандгача етмади. 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида туристик (меҳмонхона) йиғими ундирилиши белгиланибди.
Шу кунгача бу йиғим Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан ундириб келинган ва ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизигача суммани ташкил этган.
Қаранг-да, субсидиялашдан маблағлар ярамас монополистлар ихтиёрига тушади. Тўлови эса айланиб барибир маҳаллий туристлар чўнтагидан ундириб олинади. Ўзи ички туристларнинг ҳар ўнтасидан биттаси бу ярамасларнинг хизматидан фойдаланмайди, лекин туристик йиғим ҳаммадан ундирилади.
Қойилмисиз?!
Яширин ва очиқ солиқлар юки бўйича қўшнилар-у, қўшни бўлмаганларниям ортда қолдириб бўлдик. Етар балки?