12K201Telegramda ochish

Allaev Uz kanalidan

Бир йил олдин нима учун машина харид қилмаслигим ҳақида пост ёзган эканман. Орадан бир йил ўтиб, тўғри қилганлигимга ишончим янада ошди. Бизда машина шунчаки буюм ёки транспорт воситаси эмас. Унинг ижтимоий аҳамияти бор, ҳатто жуда ошириб юборилган. Машина тўғридан-тўғри жамиятимизнинг айрим қатламларида одамнинг статусини белгилайдиган даражага келиб қолган. Мана 6 йилдирки машина харид қилишни қатъий рад этиб келяпман. Одатда мен таксида ёки метрода юришимдан кӯпчилик ҳайрон бўлишади. 6 йил олдин ҳам, ҳозир ҳам бир хил фикрлайман. Манга ўхшаган, асосан ишга ва учрашувларга қатнайдиган одамга машинанинг фойдасидан зарари кўпроқ. Тошкент каби такси хизматлари анча арзон шаҳарларда машиналик бўлиш унчалик ҳам шарт эмас. Вилоятларда, туманларда, чекка қишлоқларда машинасиз қийин бўлиши табиий. Мен машина сотиб олмаслик учун қуйидаги сабабларни келтираман: 1. Тошкентда бошқа йирик мегаполислар билан солиштирганда такси нархлари анча арзон. Ман ҳисоблаб кўрдим, Яндех Таксида оддий «Старт» эмас, одатда қулай машина келадиган «Комфорт» ва «Бизнес» тарифларида бир ойда ўртача 2 000 000 сўм атрофида харажат қилар эканман. Бир марталик такси чақириш ўртача нархи 10 минг сўм. Бу бугунги курс билан 1 доллар ҳам эмас. Оддий иш ҳақига нисбатан кўп кўриниши мумкин, лекин мегаполислар билан солиштирганда бу арзон нарх. 2. Машиналар нархининг қимматлиги. Бизда ҳозирги кунда машиналарга ўртача нарх 100 миллион сўм, бизнес класс машиналар 300 миллион сумдан бошланади деб оладиган бўлсак, 100 миллион сум мани ҳолатимда тўрт йиллик такси харажатлари дегани. Шунингдек, Ғарбда бугунги кунда янги авлод ўз маблағларини буюмдан кўра ҳиссиётга ёки ўсишга сарфлашга ўрганган. Буюм эскириб қолиб кетади. Лекин, чет элга саёҳат, бирор янгиликни ўрганиш одамда бир умрлик ҳиссиёт қолдиради. Камида, пулингизни бирор бизнесга ёки омонатга қўйсангиз, йиллик 25-30 фоиз даромад олиш бугунги кунда муаммо эмас. 3. Машинанинг кундалик харажатлари. Машинага бензин ёки газ қуйиш, мой алиштириш, ювиш, бузилган ҳолатда эҳтиёт қисимларини алиштириш, буларнинг ҳаммаси пул туради. Сиз ўзингиз билмаган ҳолатда анча суммани ишлатиб қўясиз. 4. Психологик муаммолар. Машина ҳайдаш ҳам бир масъулият. Доимий диққатни жалб қилиш, биздаги каби ҳаракат тартибсиз мамлакатларда машина ҳайдаш одамнинг асабини анча чарчатади. Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида пробкалар куннинг хоҳлаган қисмида кузатилади. Ҳар куни ярим соат вақтингиз пробкада ўтса ҳам анча асабдан айриласиз. 5. ГАИ ва штрафлар. Рулда туриб телефонда гаплашдингиз, тезликни оширдингиз ёки бошқа сабаблар билан шофёр борки штраф тўлайди. Мана шу штрафларнинг ўзи ҳам ортиқча асаббузарлик ва бунга ҳам вақтингиз, ҳам нақдингиз кетади. 6. Паркинг муаммоси. Шаҳарда кундан-кунга машинани тўхтатишга ёки қолдиришга жой муаммоси жиддийлашиб бормоқда. Кўп жойларда тўхташ мумкин эмас белгиси қўйилган бўлса, яна бошқа жойларда шунчаки паркинг қиммат ёки жой йўқ. 7. Экологик муаммо. Ҳар бир машина табиатга зарар етказади. Заҳарли газлар шундоқ ҳам шаҳар атмосферасини анча бузишди. Сиз машинани ўрнига жамоат транспортини танлаб, оз бўлсада экологик муаммони жиддийлашмаслигига ҳиссангизни қўшсангиз бўлади. Бу билан машина оладиганларни ёмонлаш ёки олмасликка чақирмоқчи эмасман. Шунчаки, одамларимиз тушунишларини хоҳлардимки, машина шунчаки буюм. Қиммат машина минган билан одам ақлли ёки яхши бўлиб қолмайди. Бу шунчаки ҳаракатланиш имкониятини берадиган транспорт воситаси. Ҳаётда нимага эришдинг деганда, машинасини кўрсатадиганларга рости раҳмим келади. Машина олиш ёки олмасликни ҳар кимнинг ўзи ҳал қилади, ҳар ким учун ўз қарори тўғри. Ягона сўраётган нарсам одамларни машинасига қараб ажратмаслик. Доим кўзлаган манзилга эсон-омон етиб олинг.  @allaevuzb

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin